banner banner banner
Қадр кеча қатралари
Қадр кеча қатралари
Оценить:
 Рейтинг: 0

Қадр кеча қатралари

Азим Тошкентнинг Биродарлик қабристони ёнгинасидаги 26-мактабда еттинчими, саккизинчими синфда ўқирдим. Шоира Зулфиянинг яқингинада босмадан чиққан «Юрагимга яқин кишилар» тўплами қўлимизга тегди.

Ўша тўплам кайфиятида шоирага ўз кўнглимда бир шеърий бағишлов ёзганимдан хабар топган адабиёт муаллимимиз Муҳаммаджон Эрназаров мактабимиз директори Тожихон Абдуллаевага (Оллоҳ улардан рози бўлсин!) бағишловимни кўрсатар экан, қандайдир ички мамнуният билан:

– Сен қизгинадан бир нимарса чиқадиёв! – деганлари эсимда.

Кейин ўша шеърни улар айтган манзил бўйича почта орқали Зулфия опа бош муҳаррир бўлган «Ўзбекистон хотин-қизлари» журналига юборганмиз.

Мендан муаллим айтмоқчи «нимарса» чиққан-чиқмаганини билмайман-у, лекин айни ўша дамлар Зулфияни кашф қилганим, унга беадад ихлос қўйганим, ўшандан бери у киши юрагимга яқин бўлиб қолгани, шеърлари кўнглим мулкига айлангани аниқ.

Зулфия шеърларини нега яхши кўриб қолдим деб ўйлаш эсимга келмасди. Ундан ярим аср ўтгач – ҳозир ҳам бу ҳақида ўйламайман.

Ҳарқалай, Зулфия шеъриятининг нимаси ром этди мени?

Ўз ўрнини топган сўзлардаги фикр теранлигими?

Ҳар банди кўпни кўрган, кўпни туйганлигидан хабар янглиғ серҳиммат, виқорлилигими?

Ҳамиша, ҳар қадам – ҳар сатрда инсоннинг кўнгил отлиқ нозик оламини кашф қила бориш, бу кашфдан ўзи беадад ҳайратланиб, ўзгаларни ҳам ҳайратга солишими?

Балки бир умр ижод қилароқ ўзига-ўзи ҳайрат, ҳаяжон излаб топишидир?

Шоирадаги бошқаларга тез «юқувчи» улуғ ҳайрат ва ҳаётсеварликнинг илдизи, жон булоқлари қайда деб ўзимдан ўзим сўраган вақтларим кўп бўлган.

Ҳаётнинг паст-баландини кўрган, иссиқ-совуғини туйган, қаттиқчилик кўрган донишмандгина ҳақиқий донишманд бўлиши, оғзидан чиққан ҳар бир сўзи ҳикматдек талқин қилиниши мумкин деган гапни кўп эшитганман. Зулфиянинг шеърияти ана шу донишмандлик, пурҳикматлик чўққисига «осонгина кўтарилган» ёки «олиб чиқиб қўйилган» (Худо асрасин!) шеърият эмас. Бу – ўтга ҳам, сувга ҳам тушган қалб шеърияти!

Зулфиянинг юраги ҳеч қачон гипсга солиниб, атрофидан муҳофаза қилинмаган. Шамол ёки бўронлардан тўсилмаган. Зардоб чашмасининг кўзи атай беркитилиб, қувонч ва шодлик чашмасининг кўзи атай очиб қўйилган эмас.

Чорладинг, жонимни ташладинг тенгсиз куч,
жасорат жангига,
Англадим, Лутфийдек куйласам буюк дард ва
қудрат борлигин!

Ёки яна:

Аёзинг, ўтингга кўксимни бериб,
Армонни танидим, бахтни танидим!

Шунинг учун ҳам Зулфиянинг шеърларини ўқиганингда ўзингни гоҳ ўтга, гоҳ сувга тушгандек ҳис қиласан. Лекин унисидан ҳам, бунисидан ҳам омон чиқасан. Омон чиққанда ҳам томирларингда умидворлик тўлқинларини ҳис қиласан. Зулматдан сўнг ёруғликнинг келишига, бир ёмонликдан сўнг икки яхшилик бўлишига ишонасан!

На масъуд ҳузур бу, ёруғ жаҳон бу,
Ер, Инсон баҳорла қовушган онлар!

Мен бир мухлис сифатида айнан Зулфия опамларнинг шеърлари умидсизлик оламидан олиб чиққанини ўзимда кўп ҳис қилганман, шундай дамларда кўп марта ишонч билан айтганман: «Бундай шеъриятга таъзим қилсанг арзийди!»

Зулфия шеъриятини ва унинг ўзини шуҳрат чўққисига олиб чиққан пиллапояларнинг ҳаммаси ўз номига эга деб ўйлайман. Булар – Оллоҳ берган Истеъдод, Меҳнат, Ростлик, Поклик, Фидойилик, Жасорат, Элсеварлик, Садоқат, Қарздорлик… Ҳа-ҳа, айни Қарздорлик!

Саксон ёшда ҳамма шоирнинг ҳам «Божлиман элиму, юртга бир умр!» деб баралла айтиш қўлидан келармикин? Ишонинг, бу тош кўнгилларни ҳам эритиб, унча-мунча ақлли бошларни ҳам ўйлантириб қўядиган гап-а!

Балки:

Мулки лак-лак дилни этмакман аён,
Биласиз, яшадим риёдан олис.
Шеърият кечирсин, кечирсин шеърхон,
Замона зулмидан бўлмадим холис.
Гоҳ товшим етмаса, санаманг сукут,
Шояд тарк этмаса дийдаларни нур.
Шеърият санъати бўлмайди унут,
Божлиман элиму, юртга бир умр!

деб ёзиш учун ЗУЛФИЯ бўлиб дунёга келиш, айнан ЗУЛФИЯ бўлиб яшаш керакдир?

Шундай устозимиз борлигидан ифтихор бир менинг қалбимдами?

БИРИНЧИ ДАСТХАТ

Кишилар билан учрашув, танишув ҳар хил бўлади.

Зулфияхоним билан ҳар сонияси хотирамда муҳрланиб қолган биринчи учрашувим, биринчи бор юзма-юз суҳбатлашувим олтмишинчи йилларнинг бошида, айни баҳор фаслида бўлган эди. Шу йиллар ичида дарё-ю ирмоқлардан қанча сувлар оқиб ўтмади, ҳаётимизда қанча ўзгаришлар содир бўлмади. Аммо у кишига нисбатан самимий меҳрим, ихлосим асло камайгани йўқ. Аксинча, ўша илк туйғу тобора ўсиб, камолга етиб борганини сезаман, шундай инсонни таниш, билишга мушарраф этган тақдирга шукрлар айтаман.

…1962 йилнинг апрель ойи эди. Ўрта Осиё университетлари талабалари илмий жамиятларининг навбатдаги анжумани Душанбе шаҳрида ўтказилиши керак эди. Анжуманда иштирок этадиган талабалар уч-тўрт кундан сўнг жўнаши керак. Бирдан мени факультет декани Лазиз Қаюмов (Оллоҳ улардан рози бўлсин!) ҳузурларига чақириб қолишди.

– Нима учун Душанбега борадиган талабалар рўйхатида сен йўқсан? – дедилар хонага киришим билан.

– Домла, мен талабалар илмий жамиятига аъзо эмасман. Келажакда мендан олим чиқишига ҳам ишончим йўқроқ, – дедим ҳайратимни ҳазилга йўйиб.

– Олим бўлиш – сен ўйлаганчалик қийин иш эмас, бошқалардан кам жойинг ҳам йўқ. Тезда мавзу олгинда, тайёрлан! Аввал маърузангни менга кўрсатасан. Машинкада ўн варақдан ошмасин. Мавзу… Зулфиянинг янги шеърларига обзор ёзақол… Икки кун кутубхонада ўтириб, жиддий шуғулланасан. Мен кўриб чиққандан кейин Зулфиянинг ўзига ҳам кўрсатсанг яхши бўларди…

Катта анжуманда ўқилиши керак бўлган маърузани тезда ёзишим кераклиги бир сари, яна уни Зулфиянинг ўзларига кўрсатишим кераклиги юрагимни ҳаприқтириб юборди! Шундай буюк одам билан қандай учрашаман?!

Ҳолбуки, унда ҳали Зулфияхоним эллик ёшга ҳам тўлмаган, ҳозирги қатор-қатор унвон ва мукофотларининг кўпи у кишида ҳали йўқ эди.

Зулфияхонимнинг ўша вақтда Москвада нашр этилган «Лирика» тўпламлари асосида маъруза ёздим. Домла айтган муддатда келтириб кўрсатдим. Маъқул кўриб:

– Опанинг ўзларига ҳам кўрсатиб ол! – дедилар.

«Навоий кўчаси, 30-уй» деса республикадаги жамики қаламкаш яхши биладиган бу улкан бинога мактабда ўқиб юрган чоғларимда ҳам кўп келардим. «Ленин учқуни» да шеърларим босилиб турар, ёш мухбир сифатида таҳририятга чақириб туришарди.

Шу муҳташам бинонинг учинчи қаватига кўтарилиб, «Ўзбекистон хотин-қизлари» журнали бош муҳаррири эшиги қаршисида тўхтадим. Қани энди журъат этиб, эшикни оча олсам!

Ўша куни маърузамни Зулфия опамларга ўқиб бера олмадим. Улар иш билан қаергадир шошиб турган эканлар. Эртаси куни эрта билан уйларига боришимни, дам олиш куни бўлгани учун ҳам бафуржа биргаликда кўриб чиқишларини айтиб узр сўрадилар.

Эртасига Зулфия опамларникига курсдошим Мукаррама Аҳмарова билан биргаликда бордик. Мукаррама ўша маҳаллада яшарди. Яна бир чеккаси адабиёт аҳлига яқин эди: акаси Ҳожи Аҳмар ёзувчи, киносценарийчи, бир неча фильм қўйган режиссёр эди. Унинг яқиндагина экранларга чиқарилган «Ганг дарёсининг қизи» фильми анча шовшув бўлган эди.

Икковимиз пештоқига «Композиторлар кўчаси, 10- уй» деб ёзилган дарвозага яқинлашдик. Дарвозага туташган уй бурчагига «Бу уйда 1941-1944 йилларда атоқли адиб Ҳамид Олимжон яшаб ижод этган» ёзувли мармар тахта ўрнатилган экан.

Мукаррама дарвозани тақиллатмай ҳам дадил ичкарига кираверди. Мен эса оёғимга титроқ тураётганини ҳис қилдим. Аста ҳовлига кирдик. Биринчи кўзим тушгани – қийғос очилиб турган лолалар бўлди! Қизил, сариқ, атлас нусха лолалар!

Орада Мукаррама зинадан кўтарилиб деразаними, эшикними чертди. Айвон четидаги эшик очилди. Зулфия опа!