banner banner banner
Қадр кеча қатралари
Қадр кеча қатралари
Оценить:
 Рейтинг: 0

Қадр кеча қатралари


– Келинг, синглим! Балишни иссиғида ейиш керак. – Кибриё опа менинг тортиниб турганимни кўриб, яна дастурхонга чорладилар. Мен эса жойимдан силжий олмасдим. Абдулла Қаҳҳор билан бир дастурхондан таом ейиш!.. Қизларга айтсам, албатта ишонишмайди!

Ҳолатимни Абдулла ака сездилар шекилли, Кибриё опага дедилар:

– Хоним, беш-ўнта балишдан эзилмайдиган қилиб қоғозга ўраб беринг. Қизлар ўзлари чақчақлашиб, иссиқ чой билан ейишади идорада. Адабиётга энди кириб келаётганлар буюклар билан бирга ўтира олмайдилар. Буларни ҳам тушуниш керак-а, Ҳамиджон! Ахир улар бизни – буюк билишади! Шунисига ҳам шукр!

Шундай қилиб Абдулла ака мени хижолатли ҳолатдан қутқардилар. Кўп ўтмай қизлар билан балишни тановул қилар эканмиз, у кишининг гапларини уларга ҳам, Зулфия опамларга ҳам айтиб бердим.

– Ҳа, Абдулла Қаҳҳор бу – Абдулла Қаҳҳор! Таъблари ниҳоятда нозик! Улар ниҳоятда сезгир инсонлар! Илоҳим, омон бўлсинлар! – Опанинг сўнгги сўзларида хавотир яширин эди. – Ўзбекчиликни жуда яхши тушунадилар, аёлларни жуда ҳурмат қиладилар.

Зулфия опамлар ҳақ эдилар. Ўша кунлари биз Абдулла Қаҳҳорнинг «Ёш гвардия» нашриётида яқинда чоп этилган хотин-қизлар ҳақидаги ўн ҳикояси ва «Синчалак» повестини қўлимиздан қўймай ўқиётган эдик. «Даҳшат», «Анор», «Бемор», «Мастон» ҳикояларининг ёзилганига анча вақт бўлган эди. Уларни мактабда ҳам таҳлил қилиб ўқигандик. Аммо ҳар гал ўқиганда, асарни энди ўқиётгандек таассурот қолдиришидан лол қолардим. Ҳар гал янги қирраларини кўрардим. Бошқалар ҳам шундай дейишарди. Зулфия опамлар айтмоқчи, «Абдулла Қаҳҳор бу – Абдулла Қаҳҳор!» лигини қалбан ҳис қилардик. «Анор», «Мастон» ҳикояларидаги каби аёлларни нозик тушунишларига ўзим ҳам гувоҳ бўлганман.

Ўтган, 1967 йилнинг май ойи эди…

Абдулла Қаҳҳор Кибриё опамлар билан бирга келиб қолдилар. Янги асарлардан олиб келган эканлар. Зулфия опамлар идорада йўқ эдилар. Бўлимга кириб, ҳикояни шундай берибгина кетаверсалар ҳам бўларди. Лекин столим қаршисида икковлари ўтиришиб, бир пиёла чой берганимдан кейин ҳикояни ўқиб бердилар. Салобатлари босибми, шундай одам оддий адабий ходим олдида асарларини ўқиб бераётганлариданми, юзим тандир олдида тургандек қизариб, пешонамни майда тер босди. Аксига тўнғичимга декрет таътилига чиқишимга бир ҳафта қолган, ҳозирги ҳаяжонимни у ҳам сездимикин, майда тароқ қора атлас кўйлагим унинг типирлашидан қимирлар, сездирмаслик учун стол ортига қанча энгашишга ҳаракат қилмай, ҳеч тинчимасди. Мен Абдулла аканинг ён томонларида, столнинг нариги ёғида ўтирган, у киши менга қарамай бутун диққатлари ўқиётган ҳикояларида бўлса ҳам, аҳволимни яхши сезган эканлар. Овозлари ҳамон ўша ҳикоя ўқиётгандаги оҳангда, қоғоздан кўзларини узмай Кибриё опага дедилар:

– Биз яхшигина футболист бўламиз шекилли-а, Кибриёхон! Ҳа, миллатга полвонлар керак!

Ўша воқеадан бир ярим ой вақт ўтиб, тўнғич ўғлимиз Эркинжон туғилди. У вақтлар туғилажак чақалоқнинг қиз ёки ўғиллигини олдиндан билиб бўлмасди. Узоқ йиллик иш тажрибасига эга врачларнинг оналарга айтган тахминлари баъзан тўғри, баъзан эса аксинча бўлиб чиқарди. Узоқ вақтгача Абдулла Қаҳҳорнинг «полвон» ҳақидаги башоратларидан қувониб юргандик. Ўсмирлик вақтида ўғлим жуда кўп китоб ўқирди. Ҳатто кейин кичик-кичик ҳикоячалар ёзишни машқ қиладиган бўлди. Баъзан шу «қисқа, лўнда, аниқ» ижод услубида буюк ёзувчимиз Абдулла Қаҳҳор ва А.П.Чеховга тақлидни кўргандек бўлиб, «Домланинг назарлари тушган-да!» деб севиниб қўярдик. Аммо кўпчиликда бўлгани каби, замон ўғлимизнинг меҳнат йўналишини ҳам ўзгартириб юборди. Барибир бор нарса йўқолмайди, деганларидек, вақти келиб унинг болаликдаги иқтидори уйғониб, юртимиздаги ўтган аср охирида рўй берган ўзгаришлар, ўзи тенгиларнинг ҳаёти ва руҳиятидаги катта эврилишлар ҳақида қаҳҳорона ёмби асарлар ёзишига (балки мемуар шаклида) умидим ҳеч сўнгиси келмайди.

КАТТА АДАБИЁТГА ТУЙНУКДАН НАЗАР…

Катта ёзувчилар билан учрашувдан сўнг ўзингда бир қадар юқорилашни сезасан. Уйғун домла (Оллоҳ у кишидан рози бўлсин!) Ҳадича Сулаймонова кўчасида яшардилар. Ким билсин, руслар истилосидан сўнг, янги шаҳар энди пайдо бўлаётганида рус зодагонлари томонидан қурилган уймикин, ҳарқалай, ичкарига ўзбек хонадонига ўхшаб йўлакдан эмас уй ўртасидаги чарм қопланган эшикдан кириларкан. Қўнғироқни босдим. Эшик эмас, одам бўйига тенг ерда бир туйнук очилди.

– Вам кого? – деб сўради сочлари ёйиқ рус аёли саломимга жавобан.

– Простите за беспокойство. Поэт Уйгун здесь живёт? («Безовта қилганим учун узр. Шоир Уйғун шу ерда яшайдиларми?»)

– Да, здесь. А что вû хотели? («Ҳа, шу ерда. Нима ишингиз бор эди?»)

– Я к нему с заданием от женского журнала республики. Должна забрать у него новûе стихи… («Мен у киши ҳузурларига республика хотин-қизлар журналининг топшириғига кўра келдим. Янги шеърларидан олиб кетишим керак…»).

– Сейчас я ему скажу… («Ҳозир унга айтаман…») – чарм туйнук яна ёпилди.

Бироздан сўнг уй шиппагининг шипиллаши, кетидан Уйғун аканинг норози овози эшитилди:

– Я тûсячи раз твердил тебе, что с людми у нас не разговаривают через форточку!..

Чарм эшик очилиб Уйғун домланинг забардаст гавдалари кўринди:

– Ичкарига киринг, қизим, узр…

Меҳмонхонада бироз кутиб турганимдан кейин домла ваъда қилинган шеърларини олиб чиқиб бердилар.

– Аёллари русми? – идорага қайтгач, Зулфия опамлардан шундай деб сўраганим эсимда. Кейин ташриф таассуротини гапириб бердим.

– Шоир хонадони алоҳида даргоҳ, – дедилар улар бироз хаёл суриб. – Уйғун ака ҳақлар – катта адабиёт билан туйнукдан гаплашилмайди!

Машҳур зотлар билан учрашувдан сўнг ўзингда бир қадар юқорилашни сезасан. У вақтлар арузда ғазаллар битадиган Ҳабибий домланинг Чақардаги уйларига, Собир Абдуллонинг Дархондаги уйларига, Шайхзода домланинг Мутахассислар уйидаги хонадонларига, Асқад Мухторнинг коттежларига, Шуҳрат ака, Ойбек домла, Миртемир домланинг Ишчилар шаҳарчасидаги ҳовлиларига, Мирзакалон Исмоилийнинг Консерватория қаршисидаги баланд қават уйдаги оддийгина хонадонларига идора топшириғи билан бориб, ташриф оқибати руҳимда шундай кўтарилашларни кўп сезганман.

Бу туйғу биргина менда эмаслигини ҳис қилганимда эса, руҳим яна ҳам ёрқинлашарди, ажиб бир ёғду қалбимни нурафшон қиларди. Ҳатто улар ўтиб кетишгандан сўнг ҳам бу туйғу кишини тарк этмайди.

СЎНМАС ЁҒДУЛАР

Бу Қадр кечада шу йил давомида қалбимни нурафшон қилган кунларнинг бирини эслаб ўтмоқчиман. Гилос ва олчалар қийғос гуллаган баҳор куни эди. Туркқўрғон маҳалла хотин-қизлар кенгаши ташаббуси билан маҳалла гузарида элнинг суюкли адиблари Ойбекнинг 100 йиллиги ва Зулфияхонимнинг 90 йилликларига бағишлаб «Юртнинг сўнмас ёғдулари» мавзуида давра суҳбатида иштирок этдик.

– Ҳар бир миллатнинг ҳар бир даврда маънавий мезони ҳисобланган ёғду шахслари бўлади. Маҳалламизда домла Ойбек, ҳассос ва назокатли шоир Миртемир, қўшиқчи шоир Акмал Пўлат, таниқли фантаст ёзувчи Хожиакбар Шайхов каби шундай буюк зотлар ўтганларки, улар ёди нафақат маҳалла аҳли учун, балки юртимизда, жаҳон адабиётида ҳам сўнмас ёғду сочиб туради, – дедилар давра суҳбатини очар эканлар маҳалла раҳбари, фалсафа фанлари номзоди Даврон ака Шораҳмедов.

Давра суҳбатини домла Ойбекнинг уй музейини зиёрат қилиш билан бошладик.

Айтишларича, Миртемир домла ҳар гал шу дарвоза олдидан ўтганларида бошларидан дўппиларини оларканлар. Қўллари кўксиларида бўларкан. Тавозе билан ўзи табиатан юмшоқ қадамларини яна ҳам юмшоқ қилиб астагина босарканлар. Бошлари ним таъзимда ўтарканлар… Чунки бу ерда улуғ адиб яшайди… Миртемир домланинг Ойбек домлага эҳтиромлари шу қадар юксак бўлган.

Бу қутлуғ дарвозадан ичкарига киришингиз билан дилингизни шеъру-шуур қамраб олгандек бўлади. Қалбингиз ҳаяжонга, тозаришга, баҳор янглиғ яшнашга, кўтарилишга отланганини ҳис қиласиз. Пойингизда яшил барглар ичра яшнаб турган сиёҳранг гунафша гилам. Ифори кўнглингизни кўкларга кўтариб, қуёш нурларига чулғайди.

Хоналарни айланаётганингизда ҳам ана шу ҳис сизни тарк этмайди. Бу айни пайтда шундай зотга ўзингизнинг замондош эканлигингиздан бўлса керак. Чунки экспонатларнинг кўпи сизга таниш. Ойбек домланинг кўп асарларини чоп этилгани заҳоти топиб ўқирдик. Улар сеҳри сизни ўзига тортади, ичкарида домла ижод қилиб ўтирганларидек туюлаверади. Мана бу қўлёзмалар эндигина «Қуёшли қалам» учидан чиққандек кўринаверади. Мана, ҳозир домла Ойбек бир вақтлардагидек ичкаридан елкаларига ўзбаки тўнларини ташлаб чиқиб келадилар, чаросдек кўзлари сизга меҳрли боқади. Зарифа опамлар чой билан сийлайдилар. Сиз учун энг катта мукофот – домланинг суҳбатлари, журналингиз учун тақдим этилган янги асарлар бўлади…

Хоналар ҳозир ҳам ўшандагидек сақланган. Экспонатларга диққат қиласиз-у, ҳатто ўша даврдаги ажиб ижодий руҳ, маърифат, иймон нафаси сизни чулғаб олаётганини ҳис қиласиз. Ойбек домланинг набиралари – уймузей директори Ойнур Тошмуҳамедова ҳикояларига ғарқ бўласиз.

Китоблар… Қўлёзмалар… Шеърлар…

Нима деса десин одамлар!
Ит ҳуради – ўтади карвон,
Виждон билан қимматдир дамлар!
Ҳар вақт эшдир қалбимга виждон!

Бу – Ойбек домланинг ватан учун энг оғир бўлган уруш йиллари, чамаси ўзлари учун ҳам мушкул вақтларда, балки кимларгадир муносиб жавоб тарзида, аслида ўз руҳларига қасамёддек ёзилган тўртлик.

Хоналарни айланганда ҳазрат Навоийнинг улуғвор ҳайкаллари ва Ойбек домланинг кўзларидан ҳаётга меҳр уфуриб турган портретларига тикилар эканман, улар ўртасида камалак нурли кўприк кўргандек бўламан ва қалбимни ғурур ила тўлдирадиган яна бир кашфни сезаман.

Ҳар бир миллатнинг маънавий мезонини яққол намоён этувчи ўзининг ёғду шахслари бўлиши рост. Улар тириклик давридаёқ эл қалбини, эл шуурини нурлантирадилар, бу нур шундай кучли бўладики, у авлоддан авлодга ўтиб, сўнмас ёғдуга айланади.

Вақт ўтгани сари бундай ёғду шахслар бажарган амаллар ривоятларга, айтган сўзлари эса ҳикматга айланиб бораверади. Асрлар ҳам уларга тўсиқ бўла олмайди. Улар тобора юксалиб бораверадилар.

Бугун биз хотирлаётган шахслар ҳам ана шундай ёғдулар. Улар ўртасидаги рамзий камалак эса улардаги ўхшашлик – одамларга яхшилик соғиниш, элга фидойилик, кишилар қалбини нурлантириш. Бу ўхшашликни улар ижодида яққол кўриш мумкин:

Эй, Навоий, бода бирлан ҳуррам эт кўнгил уйин,
Не учунким, бода кирган уйга қайғу келмади.

Ойбек домланинг ҳали навқирон пайтларида ёзган бир шеърлари:

Майли, сув ич, қаттиқ нон кемир,
Лекин ёнсин қалбингда олов.
Фалсафанинг аччиғин симир,
Фароғат, тин сенга бўлсин ёв.
Тошга ҳам, рангга ҳам, сўзга ҳам,
Ҳаёт нури билан бер жило.
Нашъа эмас, ҳатто сенда ғам
Қалбга солсин ҳаётдан зиё.