banner banner banner
Қадр кеча қатралари
Қадр кеча қатралари
Оценить:
 Рейтинг: 0

Қадр кеча қатралари

Зулфияхоним ёзадилар:

Мен кетсам мунғаймас ўрним ҳеч қачон
Бу боғлар… Бир боғлар бўлади ҳали…

Кишиларга фақат яхшиликни соғинган ёғду шоирлар юрт бошига тушган кулфатларни ҳам юрагингни оғритар даражада дардли тасвирлайдилар. Мана, Ойбек домладан ўзи тўрт сатргина, лекин бетакрор «Қорахат»:

Бехосдан узилган шода дур каби,
Тўкилди умиднинг рангли барглари.
Осилди бир онда қўллар мадорсиз,
Ер қочди, қорайди қуёш зарлари…

Шеърлар, бир вақтлар Миртемир домла Зулфияхоним шеърларига ташбеҳ бериб айтганларидек «ҳаётнинг ўзидай рост», ўз замонасида тушунилмаган Пастернак, Блок, Пушкин, Усмон Носир шеърлари каби оддий, содда.

Сочларининг чангига боқма,
Кўйлагининг рангига боқма…
Кўзларининг соф нурига боқ,
Севгининг маст дарёсида оқ!

Ёғдулар узоқдан ёрқин кўринади дейишади ахир! Умр тарихга нисбатан лаҳза бўлса, шу лаҳзаларда битилгани асрларга татигани, минг йилликларни боғлагани учун ҳам шундайдир?!

«Азалдан абадни бўйлайман…» эндигина ўттизга кирган Ойбекнинг башоратларимиди бу? Балки қўлларига оддий эмас – «қуёшли қалам» тутганларини сезгандирлар?

Нега энди сокин бу музей хонада ўтириб тиловат қилганда кишининг ич-ичидан хўрсиниқ келаркин?

Бу – ёғдуларни кўришга, танишга, ёзган асарларидан нурланишга насиб қилганидан шукроналик эмасми? Ўзларининг «Қуёшли қалам» достонларида Зулфия опамлар ҳам Ойбекдек ёғдуларнинг ҳеч қачон сўнмаслигига ишора қилгандилар:

Ўз кўркини кўриб тасвирларида
«Ойбек ишлаяпти!» дейди асрлар.

Аслини олганда «Саксон йил ловиллаб, сўнмаган ўт»… – Зулфияхонимнинг ўзлари ҳам бунга ёрқин мисолдирлар.

Ёғдулар – авлодлар аро камалак кўприк. Улар аждодлар ёғдулари билан тўйинган, улар билан ифтихор қилган, уларнинг маънавий бойлигини юрагига жо қилган, уни ўзи ғурурланадиган келажакка етказувчилардир:

Номлари, ёдлари пайғамбар монанд,
Ҳазрат устозларим, теран илдизлар.
Мен ундан жон олиб кўкарган дарахт,
Меваси – қалбимда етилган сўзлар…
Ҳикматлар баҳрида дур, марваридим,
Аждодларим – менга ифтихор, ғурур.
Шу мавжлардан томган нуқра умидим,
Шоира қизларим бахш этган сурур.

Ёғдулар қуёшдан парча олиб, уни юрагидан ўтказиб, халқига ҳовуч тўла нур таратгани учун ҳам сўнмасдир. Зулфияхоним қуёшдан озиқланганлар, ёруғликка интилганлар, тарихда ёғду бўлиб ёрқин қолганларданлар:

Мен қуёшдан узиб берай сенга бир парча,
Юрагимдан узган сингари…

Зулфияхоним ўзлари ўттиз беш йил бош муҳаррир бўлган «Саодат» журналида турмушнинг нурсиз томонларини яхши кўриб турган бўлсалар ҳам, уларни кўпам иштиёқ билан журналда ёритишга қарши эдилар. Бу – журнал саҳифаларида берилган танқидий материал тузумни танқид қилиниши каби талқин этилишидан қўрққанларидан эмас эканлигини биз, ёшлар яхши билардик. Бу – бошқа:

Лек афсус, надомат аччиқ заҳридин,
Кашф этиб бўлмайди рўшнолик илмин…

ишончидан. Бу – инсоннинг доим икки зид – яхшилик ва ёмонлик орасида яшашга мажбурлигини тан олганлари ҳолда, унинг қалбини нурга тўлдиришга интилганлари, яхшиликка чорлаганлари, киши қалбида умид учқу-нининг сўнмаслигига интилганларининг оқибати эди. Бундай эътиқод билан яшаган, шунга амал қилган кишигина ишонч билан дея олади:

Бу назм боғига киролмас хазон,
Бизни маҳв этолмас завол лашкари.
Мен кетсам мунғаймас ўрним ҳеч қачон,
Бу боғлар… Бир боғлар бўлади ҳали…
Ҳамон эътиқодим ҳақиқат, ҳақдир,
Сўзлайман юзимни тутиб Каъбага.
Емира олмади ўткинчи тақдир,
Осуда ўтади руҳим абадга.

Булардан ҳам кўриниб турибдики, пайғамбар монанд устозлар, теран илдизлардан жон олиб улғайган Зулфияхоним қалб нурининг қадрига жуда эрта етганлар. Ўзлари ҳам пири комилага айланган устоз тирик қалблар манзиллардан иборатлигини, қачонки қалб нур билан тўлса, нурларнинг ортган қисми бутун аъзойи баданга ёйилишини, қачонки қалб ботил билан тўлса, ундаги қоронғулик дарёси бутун аъзойи баданга тарқалишига ишонч ҳосил қилибгина қолмай, миллатнинг нурсиз қолмаслиги учун жон куйдирганлар.

Зулфияхоним қалбларини умр шомида ғоят нурлантирган, жўш урдирган, «қалбларига насими билан йўл солиб» у кишини шеъриятнинг энг баланд чўққиларига олиб чиққан, ва балки умриларидаги энг ёрқин, «келар йўлларида пинҳона толиб» кутилган нур – Ҳуррият, Истиқлол нури бўлди. Бу нур Устоз ёғдусини яна ҳам ёрқин қилди. Ҳамиша кишиларга фақат яхшилик соғинган бўлганлари учун ҳам, бу эътиқодга содиқ қолиб, бу нур маҳсули бўлган «дафтарлари» ва «дардлари»ни халқга инъом этажакларини айтдилар:

Ҳуррият, келдингми, наҳотки келдинг,
Келар йўлларингда пинҳона толдим.
Менинг ота-онам, жон Ватанимда,
Элим тақдирида абадий қолдинг…
Келдинг-ей, Истиқлол, истиқбол бўлиб,
Қалбимга насиминг билан йўл солдинг.
Сен шу ҳур назмга ихтиёр бериб,
Мен оғир булутдек бир ёғиб олдим…
Ҳуррият, келдинг-ей, ал-омон келдинг,
Сени қалбим, кўзим, сўзларим қучар,
Вақт етса шу халқда қолар дафтарим,
Вақт етса, бу ёқда қолар дардларим…
Руҳим у ёқларга қуш бўлиб учар…

Даврада домла Ойбек ва Зулфияхоним шеърлари бетиним янграб турди. Бу икки буюк сиймолар ҳақида ўзбек миллатининг яна бир аллома ёғдуси мавлоно Ғафур Ғуломнинг сўзлари ҳам эсланди.

Ғафур Ғулом Ойбек ҳақида: «Ойбекнинг серҳосил, ўткир ижодкорлигини бизнинг адабиёт тарихида кимга ўхшатиш мумкин?

Ойбекнинг ўзига, Ойбекка ўхшатиш мумкин!»

Ғафур Ғулом Зулфияхоним ҳақида:

«Муаззам шарқ намоёндир сенинг покиза жонингда,
Бу бизнингдир сенинг ахлоқу иффатга тўлиқ
нозинг!..»

Дарҳақиқат, ёғдулар сўнмайди. Бундай ёрқин ёғдулари бўлган юрт кишиларининг қалби асло нурсиз қолмайди.

ИФТИХОР

Устоз Зулфияни танувим, у киши билан биринчи бор учрашувим сиртдан – шеърларини ўқишдан, бу шеърлар сеҳрига «ғарқ бўлишдан», ғойибона уларнинг муаллифига кўнгил қўйишдан бошланган.