banner banner banner
Ибтидо
Ибтидо
Оценить:
 Рейтинг: 0

Ибтидо


Де ла Алмудена ибодатхонаси ҳудудида Рим католик черковининг Мадриддаги архиепархияси жойлашган. Неоклассик услубда қурилган черков собори қироллик саройига ёнма‐ён тикланган. Қадимий мусулмон масжиди ўрнида барпо этилган бу муҳташам бинонинг номи арабча “ал‐мудайна” сўзидан келиб чиқиб, “қалъа” деган маънони беради.

Афсоналарга кўра, Қирол Алфонсо VI 1083 йил Мадридни мусулмонлар ҳукмидан қайтариб олгач, маврлар босқини даврида йўқолган Биби Марямнинг муқаддас ҳайкалини қидиришга киришади. Миш‐мишларга кўра, шаҳар аҳолиси маврлардан асраш учун ҳайкални қалъа деворлари орасига кўмиб юборган эди. Натижа бўлмаса ҳам, Алфонсо узоқ муддат қидиришдан тўхтамади. Кунларнинг бирида қалъа деворининг бир қисми қулаб тушиб, йиғилганлар кўз ўнгида Биби Марям ҳайкали намоён бўлади. Ҳайкал ёнида асрлар муқаддам қўшиб кўмилган шамлар ҳануз ўчмасдан, ёғду таратиб турган эмиш…

Бугунги кунда Биби Марям Алмудена Мадриднинг муқаддас авлиёси ҳисобланади. Алмудена соборининг ўзи эса ҳар куни муқаддас илоҳага сиғиниш ёки шунчаки томоша қилиш илинжидаги минглаб зиёратчилар ва сайёҳлар билан тўлиб кетади. Соборнинг қироллик саройи биқинида жойлашгани ташриф буюрувчиларга саройга кириб чиқаётган қирол оила аъзоларини томоша қилишдек қўшимча имконият беради.

Айни оқшом черков йўлакларининг бирида ўсмир ёшдаги черков ёрдамчиси ваҳима ичида югургилаб борарди.

“Епископ Вальдеспино қаерда қолди экан?!

Ибодат бошланиш арафасида, ахир!”

Бир неча ўн йилдан буён Антонио Вальдеспино собор бош руҳонийси вазифасини ўтаб келмоқда. Қиролнинг узоқ йиллик қадрдон дўсти ва диний маслаҳатчиси бўлган Вальдеспино анъаналарга содиқлиги, консерватив қарашлари ҳамда модернизмдан нафратланиши билан донг таратганди. Саксон учга кирганига қарамай, руҳоний ҳалигача Муқаддас ҳафта давомида оёғига риёзат кишанларини таққанча, шаҳар кўчалари бўйлаб муқаддас ҳайкалчаларни кўтариб юрувчиларга қўшиларди.

“Вальдеспинодек одам ҳеч қачон ибодатга кечикмасди, тинчликмикан?!”

Атиги йигирма дақиқа аввал ёрдамчи бола кийиниш хонасида Вальдеспинога ридо кийишга кўмаклашганди. Эндигина тайёр бўлган маҳали руҳоний аллақандай хабар қабул қилди ва бир сўз айтмай шошганча ташқарига отилди.

“Қаерга кетди экан?”

Қўриқхона, кийиниш хонаси, ҳатто епископнинг шахсий ҳожатхонасигача текшириб чиққан ёрдамчи Вальдеспинони тополмагач, черковнинг бошқарув қисмидаги бош офисга қараб чопаётганди.

Узоқдан органларнинг жўр овози эшитилди.

“Намойиш мадҳияси янграмоқда!”

Болакай ҳаллослаганча Вальдеспино офиси олдида тўхтаб, эшикдан тушиб турган чироқ нурини кўриб таажжубланди.

"Епископ шу ердамикан?"

У оҳиста эшикни тақиллатди:

– ¿Excelencia Reverendísima?

Жимжитлик.

Эшикни қаттиқроқ тақиллатиб сўради:

– ¡¿Su Excelencia?!

Ҳеч қандай жавоб йўқ.

Қартайиб қолган епископнинг соғлиғидан хавотирга тушган ёрдамчи бола тутқични бураб, эшикни очди.

– ¡Cielos! – оҳ тортди ёрдамчи ичкарига қараб.

Епископ Вальдеспино қизил ёғочдан ишланган катта столи ёнида ноутбукига диққат билан термилиб ўтирарди. Унинг кийимлари қилт этмаганди – бошидаги митра, елкасидаги ридо жой‐жойида эди. Шоҳона ҳассаси деворга суяб қўйилганди.

Ёрдамчи томоқ қириб гап бошлади:

– La santa misa está…

– Preparada, – унинг гапини бўлди епископ экрандан кўзини узмай. – Padre Derida me sustituye[11 - Дерида ота бугун ўрнимга ўтади].

Ёрдамчининг кўзларида таажжуб учқунлари чақнади. “Дерида ота унинг ўрнига чиқади?” Дерида отадек оддий руҳоний шанба оқшомидаги ибодатни олиб бориши деярли ноодатий эди.

– ¡Vete ya![12 - Йўқол!] – деди Вальдеспино жаҳл билан. – Y cierra la puerta. (Эшикни ёп).

Қўрқиб кетган болакай зудлик билан хонадан чиқиб, эшикни ёпди. Мусиқа садолари янграётган залга қайтаркан ажабланди: “Руҳоний компьютерда нима кўраётган эканки, уни ҳатто Худо олдидаги бурчидан ҳам воз кечишга мажбур қилди.”

***

Бу дам адмирал Авила Гуггенҳайм музейи атриумидаги тўп‐тўп одамларни оралаб ўтиб бораркан, меҳмонларнинг аксарияти тақиб олган япалоқ қулоқчини билан гаплашаётганини пайқаб, ҳайрон бўлди. У музей бўйлаб аудиотур икки томонлама суҳбатга имкон беришини англади ва қулоқчиндан вақтида қутулганидан мамнун бўлди.

“Бугун ҳеч нарсага чалғимаслигим керак.”

Авила соатига қараб вақтни кўргач, лифтлар томонга кўз ташлади. Улар аллақачон асосий намойиш ўтказиладиган юқори қаватга кўтарилаётган меҳмонлар билан тўла эди. Авила зинадан чиқишга қарор қилди. Юқорига одимларкан, у танасида ўтган тундаги каби қалтироқни ҳис этди. “Наҳотки, ўлдиришга яроқсиз одамга айланиб қолган бўлсам?” Рафиқаси ва фарзандлари ҳаётига зомин бўлган худосиз жоҳиллар Авилани ҳар томонлама ўзгартириб юборганди. “Барча ҳаракатларимга Парвардигорнинг ўзи ижозат берган, – эслатди у ўз‐ўзига. – Қилаётган ишларим адолат тақозоси.”

Иккинчи қаватга етганда Авиланинг эътиборини зина яқинида турган аёл тортди. “Испаниянинг янги юлдузи”, деб ўйлади у соҳибжамолга кўз ташлаб.

Аёлнинг эгнидаги қора диагональ чизиқли оппоқ кўйлак хушқад танасига ёпишиб турар ва нозик қоматининг бутун гўзаллигини кўз‐кўз этарди. Унинг тим қора қалин сочлари, латиф ҳаракатлари нафақат Авила, балки бошқа йиғилганларнинг ҳам нигоҳини жалб этганди.

Оқ кўйлакли аёл атрофдагиларнинг ҳавасманд қарашларидан ташқари иккита бақувват соқчининг эътибор марказида эди. Соқчилар унга бир‐икки қадам нарида ёввойи мушук каби эҳтиёткорлик ва масъулият ила эргашиб борар, уларнинг кўк камзулига хоч тасвири билан бирга ҚГ бош ҳарфлари туширилган эди.

Авила соқчилар борлигидан ажабланмаса-да, уларни кўриб, юрак уриши тезлашди. Испан қуролли кучларининг собиқ аъзоси сифатида Авила ҚГ нима маъно англатишидан яхши хабардор эди. Бу икки соқчи қуролланган ва ер юзидаги энг яхши тайёргарликдан ўтган қўриқчилар қаторида эди.

“Улар шу ерда экан, бу ёғига эҳтиёт бўлишим зарур.”

– Ҳой! – кутилмаганда кимдир унинг ортидан чақирди.

Авила овоз келган томонга ўгирилди.

Унинг рўпарасида башанг костюм ва ковбойча шляпа кийиб олган қориндор кимса кулиб турарди.

– Кийимингизга гап йўқ! – мақтади у Авиланинг ҳарбий коржомасига ниқтаб. – Қаердан олдингиз буни?

Авила унга тикиларкан, мушти тугилди ва хаёлан деди: “Бир умрлик хизматим ва қурбонликларим эвазига олдим.” Сўнг елка қисганча:

– No hablo ingles[13 - Инглизча гаплаша олмайман.] – дея жавоб қайтарди ва зинадан кўтарилишда давом этди.

Учинчи қаватда Авила узун коридорга дуч келди. Девордаги “Ҳожатхона” белгисига эргашиб, йўлак охирига қараб юрди. Манзилига етай деганда музейдаги чироқлар ўчиб‐ёнишни бошлаб, меҳмонларни назокат билан намойишлар залига чорлади.

Авила бўм‐бўш ҳожатхонага кириб, энг чеккадаги кабинага кирди ва эшикни ичкаридан қулфлади. Ёлғиз қолгач, у қалбида ўзига яхши таниш иблисларнинг уйғонаётганини, уни қайта чоҳга итаришмоқчилигини ҳис қилиб, юрагини ваҳима чулғаб олди.

“Орадан беш йил ўтди, лекин хотиралар ҳануз таъқиб қилади мени.”

Жаҳли чиққан Авила миясидаги қўрқувни қувиб чиқаришга уринди ва чўнтагидан тасбеҳни чиқарди. Эҳтиёткорлик билан уни эшикдаги кийим илгичга илиб қўйди. Кўз олдида аста‐секинлик билан тебранаётган тасбеҳ доналари ва хочни кўриб, ўз меҳнатига тасанно ўқиди. Оддий одам Авиланинг бу тасбеҳни ясашдан мақсадини билиб қолса, даҳшатга тушиши турган гап эди. Аммо Регент иложсизликдан қилинган гуноҳлар кечирилишига Авилани ишонтирганди.

“Агар мақсад муқаддас бўлса, – таъкидлаганди Регент, – Парвардигор барчасини афв этади”. Авиланинг нафақат руҳи, балки танаси ҳам ҳимоя остида эди. У панжасидаги татуировкага қаради.