banner banner banner
Ибтидо
Ибтидо
Оценить:
 Рейтинг: 0

Ибтидо


Исо Масиҳ номи билан аталган қадимий монограмма – масиҳий сингари унинг татуировкаси ҳам ҳарфлардан иборат рамзий белгини англатарди. Регентнинг кўрсатмасига биноан, бу белгини Авиланинг ўзи уч кун олдин махсус игна ва сиёҳ ёрдамида чизди. Агар мабодо қўлга тушиб қолса, у қўлидаги татуировкани соқчиларга кўрсатиши, шунда бир неча соат ичида қўйиб юборилишини Регент икки карра таъкидлаганди.

“Бизнинг орамизда ҳукуматдаги олий мартабали шахслар бор”, деганди Регент ўшанда.

Аллақачон бунинг исботини кўришга улгурган Авила учун татуировка ҳимоя қобиғи вазифасини ўтарди гўё. “Анъаналарни ҳурмат қилувчи зотлар ҳалиям бор экан.” Офицер кун келиб ана шу элита қаторига қўшилишдан умидвор, ҳозирча эса ҳар қандай вазифани бажаришга тайёр эди.

Кабинада Авила телефонини олди ва берилган махфий рақамни терди:

Биринчи гудокдаёқ овоз эшитилди:

– Sí?

– Estoy en posisión[14 - Айтилган жойдаман.], – деди Авила якуний кўрсатмани кутиб.

– Bien,– жавоб қайтарди Регент, – Tendrás una sola oportunidad. Aprevecharla será crucial. Сизда фақат битта имконият бўлади, уни қўлдан чиқармаслигингиз шарт!

Ўн биринчи боб

Дубайнинг қуёш нурлари остида ялтирайдиган осмонўпар бинолари, инсон қўли билан бунёд этилган ороллари ва машҳур зодагонларнинг ҳашаматли виллаларидан ўттиз километр олисда Шаржа шаҳри жойлашган. Шаржа – ўта консерватив Ислом маркази ва Бирлашган Араб Амирликларининг маданий пойтахти ҳисобланади.

Олти юздан ортиқ масжиди ва энг яхши университетлари билан Шаржа илоҳиёт ва фан борасида юксак маррага эришганди. Унинг ютуқларида беҳисоб нефт манбаларидан келадиган даромад ҳамда халқининг сифатли таълим олишини ҳар нарсадан устун қўювчи бошқарувчининг ўрни беқиёс эди.

Бу оқшом Шаржа аҳолисига қадрдон аллома – Саид ал‐Фадлнинг оиласи ибодат учун бир жойга тўпланди. Бу сафар анъанавий таҳажжуд намозини ўқиш ўрнига улар куни кеча сирли равишда ғойиб бўлган севимли дада, амаки ва турмуш ўртоқларининг соғ‐омон қайтишини сўраб, саждага бош қўйдилар.

Маҳаллий нашрларнинг ёзишича, ҳамкасбларидан бири икки кун олдин Дунё динлари парламенти йиғилишидан қайтганидан бери аллома ўзини жуда ғалати тутганини гапириб берган. Ҳамкасби, шунингдек, Саиднинг телефонда ким биландир қаттиқ тортишганини эшитган. Суҳбат инглизча бўлгани учун у ҳеч вақони тушунмаган, лекин аллома бир исмни қайта‐қайта такрорлаганига ишончи комил эди:

Эдмонд Кирш.

Ўн иккинчи боб

Спиралдаги йўлак орқали ташқарига қараб юраркан, Лэнгдоннинг ўй‐хаёллари чалкашиб кетди. Эдмонд билан суҳбати ҳам қизиқарли, ҳам хавотирли бўлди. Киршнинг даъволари қанчалик муболаға бўлмасин, шогирди дунёни ўзгартирадиган ниманидир кашф қилгани аниқ эди.

“Коперник кашфиётидек муҳим топилма нима бўлиши мумкин?”

Ниҳоят, Лэнгдон туннелдан чиқиб олгач, боши айланаётганини ҳис қилди. У полга қўйиб кетган қулоқчинни қайта тақди:

– Уинстон, шу ердамисиз?

Қисқа тиқирлашдан сўнг британча талаффуз эшитилди:

– Салом, профессор. Мен шу ердаман. Жаноб Кирш сизни хизматчилар фойдаланадиган лифтга олиб боришимни сўради, чунки атриумга қайтиш учун вақтимиз жуда оз. У, шунингдек, ичи кенгроқ хизмат лифтимиз сизга ёқишига умид қилди.

– Киршнинг ҳиммати чексиз. У клаустрафобиям борлигидан хабардор.

– Энди мен ҳам буни биламан. Ва ҳеч қачон унутмайман.

Уинстоннинг кўрсатмасига амал қилиб, Лэнгдон ён тарафдаги эшикка қараб юрди, у ердан бетон йўлакка чиқди. Ваъда қилинган лифт кабинаси ҳақиқатан ҳам катта ўлчамли санъат асарларини ташишга мўлжалланган бўлиб, кенггина эди.

– Энг пастки тугмани босинг, – кўрсатма берди Уинстон Лэнгдон лифтга кираркан. – Учинчи қаватга борамиз.

Манзилга етиб келгач, Лэнгдон ташқарига қадам босди.

– Жуда соз, – Лэнгдоннинг боши ичида Уинстоннинг хушчақчақ товуши жаранглади. – Чап тарафингиздаги галереяга юринг. У бизни тўғри намойишлар залига элтади.

Лэнгдон ортиқча гапирмай, антиқа санъат асарлари билан тўлган галерея ичра гипнозлангандек кета бошлади. У йўл‐йўлакай оппоқ деворга вақти‐вақти билан юмшоқ қизил мум парчаларини отаётган пўлат замбарак, симдан тўқилгани учун сузишга яроқсиз қайиқ, силлиқланган металл парчаларидан қурилган шаҳарнинг митти макети каби ажойиб нарсаларни кўрди.

Галереянинг чиқаверишидаги катта ўлчамли нарса Лэнгдоннинг эътиборини шунчалик тортдики, профессор чақмоқ ургандек жойида қотиб қолди.

“Қасам ичаман, – ўйлади у, – бу музейдаги энг ғалати санъат асари бўлса керак.”

Хонанинг бутун эни бўйлаб шифтгача панель ўрнатилган, унда узун чизиқ бўйлаб югураётган ва осмонга сакраётган кулранг бўриларнинг ёғоч ҳайкаллари акс этарди. Ҳаракатланиб, сакраётган бўрилар кўзга кўринмас шиша деворга бориб урилар ва пастга қулаб, ўлик бўрилар уюмини ҳосил қиларди.

– Кўриб турган асарингиз “Тўқнашув” деб аталади, – тушунтирди Уинстон Лэнгдоннинг ҳайратланганини сезгандек. – Девор томон чопаётган тўқсон тўққизта бўри тўда кайфияти, умумқабул қилинган меъёрлардан чиқиб кетишга жасорат етишмаслиги рамзи ҳисобланади.

Лэнгдон бу асарнинг ҳақиқатга нақадар яқинлигидан лол қолди. “Бугун Эдмонд умумқабул қилинган меъёрларни бутунлай парчалаб ташламаса деб қўрқаман.”

– Энди, тўғрига юрсангиз, – деди Уинстон, – анави олмос шаклидаги суратнинг чап томонида чиқиш эшигини топасиз. Бу асар Эдмонднинг энг севимли рассомларидан бирига тегишли.

Олдиндаги ёрқин суратга қараб, Лэнгдон ўзига хос чизиқлар, тиниқ ранглар ва ўйноқи кўзлар кимнинг ижодига тегишли эканини дарҳол сезди.

"Хуан Миро", ўйлади профессор. Унга Барселоналик таниқли рассомнинг худди сюрреалист витражга ишланган ёш болаларнинг расм бўяш китобини эслатувчи ижод намуналари ҳамиша ёққан.

Гарчи Лэнгдон бу асар билан яхши таниш бўлса-да, унинг ёнида бир зум тўхтади, суратнинг бўёқ изи қолмаган теп‐текис юзасини кўриб таажжубланди:

– Бу қайта ишланган нусхами?

– Асло. Бу асл нусха, – жавоб берди Уинстон ғурурланиб.

Лэнгдон яқинроқ борди. Сурат катта принтерда қоғозга босиб чиқарилгани кўриниб турарди.

– Уинстон, бу нусха‐ку. Ҳатто матога ҳам чизилмаган, оддий қоғоз нусха!

– Мен мато билан ишламайман, – деди Уинстон. – Дастлаб виртуал равишда чизаман, сўнг Эдмонд чизганларимни принтердан чиқариб беради.

– Шошманг, – Лэнгдон қулоқларига ишонмади, – Бу суратни сиз чизганмисиз?

– Ҳа, – хижолатомуз кулди Уинстон. – Хуан Миронинг услубига тақлид қилиб кўрдим.

– Тушунарли. Ҳатто рассомнинг имзосини ҳам қўйибсиз – Мирó.

– Ундай эмас. Эътибор берсангиз, мен сўнгги унлига урғу туширмай, Миро деб имзолаганман. Испанчада миро “Мен қарайман” деган маънони билдиради.

“Ақлли фикр”, тан олди Лэнгдон суратдаги ягона кўзга назар солиб.

– Эдмонд мендан автопортретимни чизишни сўраганди. Мана шу ҳосил бўлди.

“Бу сизнинг автопортретингиз, демак”, ўйлади Лэнгдон нотекис чизиқлар тўпламини яна бир бор кўздан кечириб. “Жуда ғаройиб кўринишдаги компьютер экансиз.”

Эдмонд “алгоритмик санъат”, яъни мураккаб компьютер дастурлари ёрдамида санъат намуналарини яратишга қизиқиб қолгани ҳақида Лэнгдон ўқиганди. Бу масала долзарб саволни ўртага ташлади: агар компьютер санъат асари яратса, унинг муаллифи ким бўлади – компьютерми ёки дастурчи? Яқинда Массачусетс технологиялар институтида бўлиб ўтган кўргазмада компьютерлар чизган “Алгоритмик санъат” намуналари намойиш этилди. Бу кўргазма Ҳарвард университети ижтимоий фанлар курси учун янги мавзу очиб берди: санъат бизнинг инсонлигимизни белгилайдими?