banner banner banner
Ибтидо
Ибтидо
Оценить:
 Рейтинг: 0

Ибтидо


– Мен мусиқа ҳам басталаб тураман, – гапни давом эттирди Уинстон. – Сиз учун бирор куй чалиб беришимни Эдмонддан сўрашингиз мумкин, агар қизиқсангиз. Албатта, ҳозир эмас, кейинроқ. Айни вақтда шошилишингиз керак. Намойиш бошланишига оз қолди.

Лэнгдон галереядан шошганча чиқиб, ўзини асосий залга олиб борувчи йўлакда кўрди. Кенг майдоннинг қарама‐қарши тарафида хизматчилар шошганча сўнгги гуруҳ меҳмонларни лифтдан чиқариб, Лэнгдон турган томошалар зали томонга қараб олиб келишаётганди.

– Бугунги дастур саноқли дақиқалардан сўнг бошланади, – деди Уинстон. – Залга кириш эшигини кўряпсизми?

– Ҳа. У рўпарамда турибди.

– Жуда соз. Сўнгги кўрсатма: залга кирганингизда, қулоқчинларни ташлаш учун мўлжалланган қутиларни кўрасиз. Эдмонд сиздан қулоқчинингизни ташламасдан, ёнингизда сақлашингизни сўради. Мана шу билан тақдимот тугагач, сизни орқа эшикдан, тиқилинчга қолмай музейдан олиб чиқишга кўмаклашаман, сиз эса бемалол такси ушлайсиз.

Лэнгдоннинг кўз олдига Эдмонд визиткасига ёзиб, такси ҳайдовчисига кўрсатишини тайинлаган ҳарфлар ва рақамлар келди.

– Уинстон, Эдмонд менга BIO ES346 деб ёзиб берди ва бу жудаям осон код эканлигини айтди.

– У ҳақ, – дарҳол жавоб қайтарди Уинстон. – Энди эса, профессор, дастур бошланиш арафасида турибди. Жаноб Киршнинг тақдимоти ёқади, деб умид қиламан. Сизга кейинроқ ҳамроҳлик қиламан.

Қисқа тиқирлаш эшитилиб, Уинстон билан алоқа узилди.

Лэнгдон кириш эшикларига яқинлашаркан, қулоқчинни ечиб, костюмининг чўнтагига солиб қўйди. Сўнг шошганча меҳмонларнинг сўнгги оқимига қўшилиб, намойишлар залига кирди. Унинг ортидан эшиклар ёпилгани эшитилди.

Ичкарида Лэнгдон яна бир бор ўзини кутилмаган жойда кўрди.

“Тақдимотни тик туриб томоша қиламизми?”

Лэнгдон тақдимот деганда одамлар кенг жойдаги қулай ўриндиқларга ўрнашиб, Эдмонднинг янгилигини бемалол эшитишини тасаввур қилганди. Ҳозир у кирган жой тик оёқда турган уч юз чоғли меҳмон билан тўлганди. Намойишлар залида на бир санъат асари ва на бир ўриндиқ топиларди – фақат девор яқинида минбар ва унинг ёнида катта LCD экран бор эди. Экранда қуйидаги сўзлар порлаб турарди:

Жонли эфир 2 дақиқаю 07 сониядан сўнг бошланади.

Лэнгдоннинг юраги ҳаприқиб кетди ва экрандаги матннинг давомини ўқишга тутинди. Сўнг кўзларига ишонмай, яна бир карра қайта ўқиди:

Бизни кузатаётган томошабинлар сони:

1,953,694 та

“Икки миллион одам?”

Кирш тақдимотини онлайн тарзда намойиш этмоқчилигини айтганди, аммо юқоридаги рақамлар ақл бовар қилмас даражада эди. Ҳар сонияда томошабинлар сони ошиб бораётганди.

Лэнгдоннинг чеҳрасига табассум ёйилди. Шогирдининг ишлари чакки эмас. Ҳозир унинг миясида ягона савол айланарди: “Эдмонд нимани эълон қилмоқчи ўзи?”

Ўн учинчи боб

Дубай шарқидаги ойдин саҳрода “Қум илони” деб аталувчи саҳро машинаси моторини тариллатганча чапга қайрилиб, қаттиқ тормоз берди. Кўтарилган қум зарралари унинг чироқлари ёруғида рақс тушарди гўё.

Машина рулида ўтирган ўсмир йигит кўзойнакларини ечиб, сал бўлса уриб кетаёзган алланимани кўриб қўрқиб кетди ва дарҳол машинадан тушиб, қум устида ётган қора шарпага яқинлашди.

Ҳа, у адашмаган эди.

Машина чироқлари юзини қум босган, қилт этмай ётган одам танасини ёритиб турарди.

– Марҳаба? – чақирди йигитча. – Саломатмисиз?

Жимлик.

Ерда ётган одамнинг кийимлари – миллий дўппи ва кенг тоуб унинг эркак кишилигини билдирарди. Миқти ва бақувват бу киши қандай қилиб очиқ саҳронинг ичкарисига келиб қолгани болани ажаблантирди.

– Марҳаба? – қайтарди у яна.

Жавоб бўлмади.

Нима қилишни билмай боши қотган йигит оёғи билан эркакнинг ёнбошига туртди. Тана ҳаддан ташқари таранг ва қаттиқ туюлди, қуёш ва шамол уни қуритиб юборганди.

“Жони узилибди.”

Йигит эгилиб эркакнинг елкасидан ушлаб кўтарди ва орқалади. Ҳаёт нури сўнган кўзларини самоларга тикканча жони узилган бу одамнинг юзи ва соқолини қум қоплаган, лекин шу кўринишда ҳам унинг чеҳрасидан севимли амаки ёки боболарга монанд самимийлик ёғилиб турарди.

Яқин атрофни яна саҳро машиналари – баггилар моторининг гумбурлаган товуши тутиб кетди. Йигитнинг дўстлари хавотирланиб, қум узра машиналарини сакратганча уни излаб келишганди.

Ҳамма баггисини тўхтатиб, кўзойнак, каскаларини ечди ва кутилмаганда жасаднинг атрофида жам бўлди. Шу пайт тўпланган йигитчалардан бири оҳ тортиб юборди. У вафот этган одам тез‐тез университетида маъруза ўқиб турувчи таниқли олим ва диний раҳнамо – аллома Саид ал‐Фадл эканини таниганди. У ҳаяжон ила билганларини дўстларига сўзлагач, баланд овозда сўради:

– Маза алайна нафъал? (Энди нима қиламиз?)

Болалар айлана бўлиб турганча дамларини чиқармай гоҳ мурдага, гоҳ бир‐бирларига тикилиб туришди. Кейин барча ўсмирлар каби йўл тутишди: ёнларидаги мобил аппаратларини чиқариб, жасадни расмга олишди ва дўстларига бу ҳақда хабар беришни бошлашди.

Ўн тўртинчи боб

Минбар атрофидаги меҳмонлар билан елкама‐елка тураркан, Роберт Лэнгдон LCD экранда акс этган рақамларнинг борган сари ошиб бораётганини ҳайратланиб кузатарди.

Бизни кузатаётган томошабинлар сони:

2,527,664 та

Унча катта бўлмаган залдаги уч юздан ортиқ одамнинг гап‐сўзлари қоришиб, умумий гувиллаган товушга айланганди, уларнинг айримлари бошланажак томоша ҳақида тўлқинланиб гапирар, бошқалари эса яқинларига қўнғироқ қилиб сўнгги янгиликлардан хабардор қилар, бу тўғрида ”Facebook”, “Twitter” каби тармоқларда янгидан янги постларни қолдирарди.

Ниҳоят, техник ходим минбарга кўтарилди ва микрофонни созлади:

– Хонимлар ва жаноблар, аввалроқ сизлардан мобил аппаратларингизни ўчириб қўйишингизни сўраган эдик. Энди ижозатингиз билан биз барча Wi‐Fi ва мобил алоқа тизимларини тақдимот якунлангунча блоклаймиз.

Кўплаб меҳмонларнинг телефондаги гапи тугамасидан алоқа узилиб қолди. Йиғилганларнинг аксарияти ташқи дунё билан ҳамма алоқаларни бирдан узиб ташлашга қодир cеҳрли кучга гувоҳ бўлгандек турарди.

“Бу мўъжизани беш юз доллар эвазига исталган электр жиҳозлари дўконидан топиш мумкин.” Ҳарвард университетининг бир неча профессорлари қатори Лэнгдон ҳам мобил алоқани тўсишга мўлжалланган технологиядан кўп фойдаланарди. Бу ускуна маъруза залларини “ўлик ҳудуд”га айлантириб, дарс давомида талабаларнинг телефонга чалғишига имкон бермасди.

Елкасига катта камера осган оператор минбар рўпарасига бориб жойлашди. Зал чироқлари хиралашди.

LCD экранлардаги ёзув ҳар сония янгиланиб турарди:

Жонли эфир 38 сониядан сўнг бошланади

Бизни кузатаётган томошабинлар сони: