banner banner banner
Ибтидо
Ибтидо
Оценить:
 Рейтинг: 0

Ибтидо


– Шунақа қилишимга тўғри келди. Раҳнамолар ваҳима қилиб, ишимга халал бермаслиги учун уларга янгилик баёноти бир неча ҳафтадан сўнг бўлади, деб қўя қолдим.

– Бугунги тақдимотдан улар хабар топса‐чи? – сўради Лэнгдон.

– Бундан ажабланишмаса керак. Айниқса, улардан бири, – Кирш кўзларини Лэнгдонга қадади. – Учрашувимизни ташкиллаган епископ Антонио Вальдеспино эди, уни танийсизми?

Лэнгдон ўйланиб деди:

– Мадридликми у?

Кирш бош силкиб, тасдиқлади:

– Худди ўзлари.

“Эдмонднинг радикал атеизми учун боп номзод эмас бу шахс”, хаёлидан ўтказди Лэнгдон. Вальдеспино Испан католик черковининг энг қудратли намояндаси бўлиб, у ўта мутаассиб қарашлари ҳамда испан қиролига кучли таъсири туфайли донг таратганди.

– Бу йил Вальдеспино Парламент йиғилишига мезбонлик қилди, – изоҳ берди Кирш. – Шу боис учрашув тўғрисида унга мурожаат қилдим. Вальдеспино юзма‐юз кўришишни таклиф этди, мен эса ўз навбатида ислом ва яҳудийликдан биттадан вакил чақиришини сўрадим.

Юқоридаги чироқлар учинчи марта ўчиб‐ёна бошлади.

Кирш чуқур хўрсинди, овозини янада пастлатиб давом этди:

– Роберт, намойишим олдидан сиз билан гаплашмоқчи бўлганимга сабаб, сизнинг маслаҳатингизга муҳтожман ҳозир. Нима деб ўйлайсиз, епископ Вальдеспино хавфли бўлиши мумкинми?

– Хавфли? – ажабланди Лэнгдон. – Қайси маънода?

– Кўрсатган нарсаларим унинг дунёсига таҳдид солади. Шунинг учун сиздан сўраяпман: Вальдеспино менинг ҳаётимга хавф солишга қодирми?

Лэнгдон дарҳол бош чайқади:

– Мутлақо! Вальдеспинога нима деганингни аниқ билмайман… Албатта, у испан католик черковининг муҳим таянчи, испан қироллик оиласи билан яқин алоқалари унинг нуфузини янада оширади. Аммо биринчи ўринда у – роҳиб, қотил эмас. Вальдеспино сиёсий кучга эга, одамларни сенга қарши қўйиб, ваъз ўқиши мумкин. Бироқ сенга жисмонан зарар етказади, деб ўйламайман.

Кирш унча ишонмади:

– Монсерратни тарк этаётганимда менга қанақа қараганини сиз кўрмадингиз-да. Нақ еб қўйишга тайёр эди.

– Ўзинг ўйла, ибодатхонанинг муқаддас кутубхонасида ўтирганча, руҳонийга унинг бутун бошли эътиқод тизими ёлғон деб айтгач, Вальдеспино сенга чой ва ширинлик беришини кутганмидинг? – хитоб қилди Лэнгдон.

– Жуда унчалик эмас‐у, – тан олди Кирш, – ҳар ҳолда, учрашувимиздан сўнг менга таҳдидли аудиохабар юборишини кутмагандим.

– Руҳоний Вальдеспино сенга қўнғироқ қилдими?

Кирш жавоб бериш ўрнига курткасининг чўнтагига қўл солиб, одатдагидан кўра анча салмоқли смартфон чиқарди. Телефоннинг зангори корпуси олтибурчакли шакллар билан безатилганди. Лэнгдон каталониялик машҳур модернист – архитектор Антони Гауди ижодига мансуб мозаикани дарҳол таниди.

– Мана, эшитинг! – деди Кирш телефоннинг бир неча тугмачасини босиб, Лэнгдонга тутди. Смартфон карнайидан ёши катта эркакнинг хириллаган ва жаҳлдор овози эшитилди:

“Жаноб Кирш! Епископ Антонио Вальдеспино гапиряпти. Билганингиздек, тонгги учрашувимиз мен ва икки ҳамкасбимни чуқур хавотирга қўйди. Зудлик билан менга қўнғироқ қилинг, бу масалани муҳокама қилиб олишимиз даркор. Ва яна янгиликни оммага эълон қилишнинг хавфи ҳақида яна бир бор огоҳлантираман сизни. Агар алоқага чиқмасангиз, шуни билиб қўйинг: мен ва ҳамкасбларим кашфиётингиз тўғрисида сиздан аввалроқ шундай баёнот берамизки, топилмангизнинг аҳамиятини пасайтириб, дунёга солаётган таҳдидингиз миқёсини камайтирамиз… Сиз туғдираётган хавф миқёсини ўзингиз ҳам тасаввур қилолмайсиз ҳатто. Қўнғироғингизни кутаман ва сабримни синашни маслаҳат бермайман, жаноб Кирш.”

Шу ерда хабар якунланди.

Вальдеспинонинг таҳдидли товуши ҳатто Лэнгдонни ҳам сескантириб юборганди. Бу сесканиш Эдмонднинг яқинлашаётган эълонига бўлган қизиқишини баттар кучайтирди.

– Хўш, сен қандай жавоб бердинг?

– Ҳеч қандай, – деди Эдмонд телефонини чўнтагига қайта жойларкан. – Вальдеспинонинг хабарини қуруқ таҳдид деб қабул қилдим. Раҳнамолар кашфиётимни эълон қилгандан кўра ўзи билан гўрга олиб кетишни афзал биларди, бунга иймоним комил. Қолаверса, тақдимотнинг бугун бўлишидан бехабар бўлгани сабабли улар ҳеч қанақасига янгиликни мендан олдин эълон қила олмаслигини билардим. Шунга кўпам хавотирга тушмадим, – Кирш гапдан тўхтаб, Лэнгдонга назар солди. – Ҳозир эса… Билмадим… Епископнинг овозидаги нимадир… миямга ўрнашиб қолди…

– Ҳаётим хавф остида, деб ўйлаяпсанми? Шу ерда, шу бугун?

– Йўқ‐йўқ. Меҳмонлар рўйхати қаттиқ назорат қилинди. Бу бинонинг хавфсизлик тизими ҳам бекам‐кўст ишлайди. Шунчаки… Омма олдига чиққанимда нима бўлишидан ташвишланяпман… – шундай дегач, Эдмонд тўсатдан ҳушига келган одамдек узр сўрай кетди: – Ғирт аҳмоқона гапларни гапиряпман. Томоша олдидан бўладиган ҳаяжон таъсири чоғи… Вальдеспино тўғрисидаги фикрларингизни билмоқчи эдим, бошингизни кўп қотириб юбордим.

Лэнгдон диққат билан Эдмондни кўздан кечирди. Шогирдининг ноодатий тарзда оқариб кетган юзи, беғубор кўзларида қотиб қолган қўрқув аҳвол яхши эмаслигини кўрсатарди.

– Фикрим шундай: қанчалик жаҳлини чиқарган бўлма, Вальдеспино икки дунёда ҳам ҳаётингга дахл қилмайди.

Чироқлар нимадандир сигнал бергандек яна ўчиб‐ёнди.

– Ҳа майли, раҳмат сизга, – Кирш соатига қаради. – Боришим керак. Кейинроқ кўришсак бўладими? Кашфиётнинг айрим жиҳатларини сиз билан муҳокама қилиб олмоқчиман.

– Албатта.

– Жуда соз. Намойишдан кейин тўс‐тўполон кўтарилиши турган гап, ўшанда сиз билан холи гаплашиб оламиз, – Эдмонд ташриф қоғозини чиқариб, орқасига нимадир ёзди ва Лэнгдонга тутқазди. – Ҳаммаси тугагач, такси ушланг ва мана шу ташриф қоғозини унга беринг. Исталган маҳаллий такси ҳайдовчиси сизни қаерга олиб боришни тушуниб олади.

Лэнгдон қўлидаги митти тўртбурчак картанинг орқасига қараб, бирор маҳаллий меҳмонхона ёки ресторан манзили ўрнига кўпроқ сирли кодга ўхшаш ёзувга кўзи тушиб, ажабланди.

BIO ES346

– Эдмонд, шуни кўрсатишим керакми ҳайдовчига?

– Худди шундай. У қаерга боришни тушунади. Соқчиларга сизни ўша ерда кутиб олишини айтиб қўяман. Ўзим ҳам иложи борича тезроқ етиб боришга ҳаракат қиламан.

“Соқчилар?” Лэнгдоннинг қовоғи уйилди. “BIO ES346 қанақадир яширин илмий лабораториянинг шартли номига ўхшайди.”

– Бу жудаям содда код, Роберт, – кўз қисди Эдмонд. – Сизга ўхшаган одамга чўт эмас ечиш. Дарвоқе, бугун сиз ҳам саҳнада кўринасиз. Тақдимотда муҳим ролингиз бор.

Лэнгдон таажжубланди:

– Яна қанақа роль бўлди?

– Хавотир олманг. Сиздан ҳеч нарса талаб қилинмайди, – шундай деб Эдмонд Кирш спиралнинг чиқиш эшиги томон юрди. – Томошабинлар олдига чиқиш вақтим бўлди. Уинстон сизга йўл кўрсатади, – у эшик ёнида бир зум тўхтаб, ўгирилди ва хўрсиниб деди: – Оқшом тугагач учрашамиз, Роберт. Вальдеспино борасида адашмадингиз, деб умид қиламан.

Лэнгдон уни тинчлантирди:

– Эдмонд, хотиржам бўл, илтимос. Бор диққатингни намойишингга қарат. Ишон менга: диний раҳнамолар сенга зарар келтирмайди!

Кирш унга иккиланиб қаради:

– Бугун намойишда айтмоқчи бўлганларимни билганингиздан кейин, Роберт, фикрингизни ўзгартирасиз, деб қўрқаман.

Ўнинчи боб