banner banner banner
Шерлок Холмс ва доктор Уотсоннинг саргузаштлари
Шерлок Холмс ва доктор Уотсоннинг саргузаштлари
Оценить:
 Рейтинг: 0

Шерлок Холмс ва доктор Уотсоннинг саргузаштлари


– Бўлмасам-чи, – деди у. – Аммо кўриб турибсизки, мен шу ерда. Ёмонликка яхшилик қиляпман, Холмс, ёвузликка яхшилик қайтаряпман.

– Бу жуда яхши, бу сизнинг олижаноблигингиз. Мен сизнинг билимдонлигингизни жуда юқори баҳолайман.

Меҳмон илжайиб қўйди.

– Бахтимга бутун Лондон бўйича бу дардни фақат сиз яхши тушунасиз. Сизга нима бўлганини биласизми?

– Худди ўшанинг ўзи, – деди Холмс.

– Шундай денг! Сиз ҳатто касалнинг аломатларини ҳам сезяпсизми?

– Ҳа, жудаям яхши сезяпман.

– Наилож, Холмс, жуда ҳам бўлиши мумкин. Худди ўшандай деса ҳам бўлаверади. Агарда рост бўлса, унда ишингиз чатоқ. Бечора жияним Виктор тўртинчи куниёқ оламдан ўтди, у эса сизга нисбатан анча ёш, бақувват, соғлом эди. Сиз ўшанда қандай қилиб Лондоннинг қоқ ўртасида бу шарқий касалликни юқтириш мумкин, деб ҳайрон қолгандингиз… Ваҳоланки, айнан шу касалликни мен ўрганаётгандим. Холмс, бу тасодифни қаранг. Сиз жуда синчковсиз, шунинг учун ҳам бу тасодифни дарров пайқадингиз, аммо ўлимнинг сабаби айнан шунда деганингиз менга ёқмади.

– Биламан, бу сизнинг ишингиз…

– Шундайми, билармидингиз? Аммо ҳеч нарсани исботлаб беролмадингиз. Олдинига менга қарши айб қўйдингиз, бошингизга ташвиш тушиши билан ёрдам сўраб ялиндингиз, ахир бу иккиюзламачилик эмасми? Ёки бунинг бошқача бирор номи борми? Хўш?

Мен зўрға гапираётган хириллашни эшитдим.

– Менга сув беринг, – деб касал базўр шивирлади.

– Кунингиз битган, азизим, яқинда нариги дунёга жўнайсиз. Аммо сиз билан гаплашиб олмагунимча кетмайман. Айнан шунинг учун ҳам сизга сув беряпман. Ушланг! Тўкилмасин. Шундай. Мен нима деяётганимни тушуняпсизми?

Холмс ингради.

– Бир иложини қилинг, менга ёрдам беринг. Ўтган гапга саловат… Келинг, унутайлик, – деб шивирлади у. – Мен бу ишни мутлақо миямдан чиқариб юбораман. Қасамёд қилишим мумкин. Мен унутаман, мени даволасангиз бас.

– Нимани унутасиз?

– Виктор Сэвежнинг ўлимини. Ҳозир сиз ўз жиноятингизга иқрор бўлдингиз. Мен ана шуни унутаман.

– Ихтиёрингиз, ёдда тутасизми, унутасизми, бу сизнинг ишингиз. Мен гувоҳлар орасида сизни кўрмайман. Сиз бошқа ерда бўласиз, азизим Холмс. Менинг жияним нимадан ўлганини билсангиз билаверинг. Ҳозир гап у ҳақда эмас, сиз ҳақингизда.

– Ҳа, ҳа.

– Ҳузуримга юборган дўстингиз, исми эсимда қолмади, сизни бу дардни Ист-Эндда матрослардан юқтирган, – деди.

– Мен фақат ўша ерда юқтирган бўлишим мумкин, деб ўйлайман.

– Холмс, яна ақллиман, деб кеккайиб юрасиз! Сиз ўзингизни жудаям фаросатли деб биласиз, тўғрими? Аммо сиздан ақллироқ шахс топилди. Ўйлаб кўринг-чи, Холмс, бу касалликни бошқа йўл билан юқтирган бўлишингиз мумкин эмасми?

– Мен ўйлашга қодир эмасман. Бошим ишламаяпти. Худо ҳақи, ёрдам беринг!..

– Ҳа, мен сизга ёрдам бераман, фақат қандай юқтирганингизни тушунишгагина ёрдам бераман. Ўлимингиздан олдин шуни тушуниб олишингизни жуда истайман.

– Бу оғриқларни енгиллаштирадиган бирор нарса беринг, илтимос!

– Ҳа, оғриқлар пайдо бўлдими? Менинг сичқонларим ҳам ўлимидан олдин чийиллашарди. Гўё пайлар тортишиб қолгандек-а?

– Ҳа, ҳа, худди чангакдек.

– Ҳечқиси йўқ. Бу гапимни эшитишингизга халақит бермайди. Эшитинг! Эслаб кўринг-чи, касал бўлишингиздан олдин ҳаётингизда бирор бир ғаройиб воқеа содир бўлганми, йўқми?

– Йўқ, йўқ, ҳеч нарса.

– Яхшироқ ўйланг.

– Мен жуда оғир касалман, ўйлашга қодир эмасман.

– Ундай бўлса, сизга ёрдамлашиб юбораман. Почта орқали бирор нарса олмадингизми?

– Почта орқали?

– Масалан, қутича.

– Ҳозир, ҳозир, эслаб кўрай-чи. Тинкам қуриб боряпти!

– Холмс, эшитинг! – у жон бераётганни елкасидан қаттиқ силкиди шекилли. Мен ўз жойимда зўрға чидаб ўтирардим. – Сиз мени эшитиб олишингиз керак! Фил суягидан ясалган қутича эсингиздами? Сиз уни чоршанба куни олдингиз. Уни очдингиз… эсингиздами?..

– Ҳа, ҳа, мен уни очдим, унда ўткир пружина бор эди. Қандайдир ҳазил…

– Бу ҳазил эмас, сиз бунга тез орада ишонасиз. Сиз аҳмоқ одам, энди ўзингиздан ўпкалайверинг. Менинг йўлимга тўғаноқ бўлишни ким қўйибди сизга? Агарда менга тегмаганингизда, сизга ёмонлик қилмасдим.

– Эсимга тушди! – хириллади Холмс. – Пружина! Мен эҳтиётсизлик қилиб панжамни ўшанда қонатиб олган эдим. Ана ўша қутича, стол устида.

– Худди ўша! У ҳозир чўнтагимда ғойиб бўлади. Шундай қилиб, бу ерда ҳеч қандай далилий ашё қолмайди. Шундай қилиб, Холмс, сиз энди бутун ҳақиқатни биласиз ва мен сизни ўлдирганим ҳақидаги маълумотни нариги дунёга олиб кетасиз. Сиз Виктор Сэвеж ҳақида кўп маълумотга эгасиз ва шунинг учун ҳам унинг куни сизнинг бошингизга тушди. Сиз яқин орада ўласиз, Холмс. Мен шу ерда ўтириб сизнинг ўлаётганингизни томоша қиламан. Холмснинг овози жуда пасайиб, шивирларди.

– Нима? – деб сўради Смит. – Газнинг оловини кўтарайми? Нима бало, кўзингиз олди қоронғилашяптими? Мен жон талвасангизни кўриш учун, оловни албатта ўзим кўтараман. – У уйни кесиб ўтиб дераза ёнида турган плитага қўл узатди ва шу заҳотиёқ хона ёришиб кетди. – Балки яна бирор хизмат керакдир, тортинманг, ўлимингиз олдидан айтаверинг, азизим!

– Папирос билан гугурт!

Мен хурсанд бўлганимдан бақириб юборишимга сал қолди. Бир оз ҳорғин бўлса-да, аммо Холмс ўзининг табиий, мен яхши билган овозида гапирди. Чуқур сукунат чўкди, Кэлвертон Смит ажабланиб Холмсга тикилиб қолганини сезиб турибман.

– Буни қандай тушунмоқ керак? – деб совуқ ва қатъий оҳангда сўради у.

– Ролни яхши ўйнаш учун, – жавоб берди Холмс, – уни ҳаётга сингдириб юбориш керак. Сиз менга бир стакан сув бергунингизча уч кун ва уч кеча на овқат едим, на сув ичдим. Чин сўзим. Энг қийини уч кун чекмаганман. Ҳа, дарвоқе, мана папиросим! – Мен гугуртнинг чақилганини эшитдим. – Мана энди сал ўзимга келдим. Оҳо, дўстимнинг оёқ товушларини эшитяпман шекилли.

Ташқарида оёқ товушлари яқинлашди ва эшик очилиб, инспектор Мортон пайдо бўлди.

– Ҳаммаси жойида. Уни олиб кетишингиз мумкин, – деди Холмс.

– Виктор Сэвежнинг ўлимида айбланганингиз учун ҳибсга олиндингиз, – деди инспектор.

– Яна шуни ҳам қўшиб қўйишингиз мумкин. Шерлок Холмснинг ҳаётига суиқасд қилгани учун, – деб дўстим мийиғида кулиб қўйди. – Касални безовта қилмаслик учун Кэлвертон Смит жаноблари ўзлари газнинг оловини кўтариш билан сизга ишора бердилар. Айтгандек, маҳбуснинг ўнг чўнтагида қутича бор. Уни эҳтиёт бўлиб олинг. Мана бу ерга қўйинг. Бу қутича судда керак бўлади.

Тўсатдан сакраш, қандайдир кураш, занжир товуши ва ниҳоят оғриқдан чинқириш эшитилди.