banner banner banner
Шерлок Холмс ва доктор Уотсоннинг саргузаштлари
Шерлок Холмс ва доктор Уотсоннинг саргузаштлари
Оценить:
 Рейтинг: 0

Шерлок Холмс ва доктор Уотсоннинг саргузаштлари


– Стэплс, уни қабул қилмайман. Халақит беришганини ёмон кўраман. Унга мени уйда йўқ деб айта қолинг. Агарда жуда керак бўлсам, майли, эртага эрталаб келсин.

Яна паст овоздаги шивирлаш:

– Боринг, боринг, айтганимни қилинг. Эрталаб кела қолсин ёки умуман келмасин.

Кўз олдимга Холмснинг тўшакда ғужанак бўлиб, ёрдам кутиб ётгани келди. Ҳозир одоб сақлайдиган пайт эмаслигини тушундим. Холмснинг ҳаёти менинг хатти-ҳаракатимга ва менинг қудратимга боғлиқ эди. Хизматкор чиқиб хўжайинининг фармонини айтмоқчи бўлганди, уни четга суриб хонага отилиб кирдим.

Камин ёнидаги креслода ўтирган одам ғазаб билан бақириб ўрнидан туриб кетди. Шунда мен сариқ, қўпол юзли, семиз, бағбақалари осилган, пахмоқ сариқ қошлар тагидан менга тикилиб турган кулранг ғазабнок кўзларни кўрдим.

Пуштиранг кал бошига сал қийшайтириб духоба телпак кийиб олган. Аммо боши ҳаддан ташқари катта эди. Лекин нигоҳим пастга тушган сайин унинг танаси қилтириқ, елкалари тушиб кетган ва хиёл қийшайганини аниқладим. Менимча, ёшлигида бу одам рахит бўлган.

– Бу нимаси энди? – деб ўшқирди ингичка овозда. – Нега бостириб кирдингиз? Мен ахир эртага келсин, деб айтгандим-ку!

– Кечирасиз, – дедим, – аммо бу жуда ҳам зарур. Шерлок Холмс жаноблари…

– Сиз… Холмснинг олдидан келдингизми?

– Мен ҳозиргина унинг ҳузуридан келдим.

– Холмсга нима бўлди?

– У ҳозир жуда қаттиқ бетоб. Шунинг учун ҳам сизнинг ёнингизга келдим.

Уй эгаси мени ўтиришга таклиф этди ва ўз креслоси томон ўгирилди. Камин устидаги тошойнада унинг акси ялт этиб кўринди. Қасамёд қилиб айтишим мумкинки, унинг юзида қандайдир жирканч ёвузона жилмайиш бор эди. Шунда мен, «бу жилмайиш эмас, асабдан томир тортилиши бўлса керак», деб ўйладим. Аммо яна бир дақиқадан сўнг менга ўгирилиб ўтирганда юзида ўша ҳамдардлик пайдо бўлди.

– Бу хабарни эшитиш мен учун жуда оғир, – деди у. – Мен жаноб Холмс билан фақат иш юзасидангина учрашгандим, аммо уни фақат буюк истеъдоди учунгина эмас, балки асл инсон бўлгани учун ҳам ҳурмат қиламан. У жиноятларни топиш билимдони, мен эса беморларни даволаш билимдони; у ёвузлар билан курашса, мен микроблар билан курашаман. Мана менинг маҳбусларим, – давом этди у, стол устида қатор турган шиша идишларни кўрсатиб. – Бу идишларда жуда ҳам хатарли жиноятчилар ҳар хил муддатларни ўташмоқда.

– Холмс бу соҳадаги буюк истеъдодингизни юқори баҳолаб сизга юборди. Унинг фикрича, Лондон бўйича бу ишда фақат биргина сиз ёрдам бера олар экансиз.

Кичкина одамча сесканиб кетди. Шунда унинг олифта қалпоқчаси ерга тушди.

– Нега энди? – сўради у. – Нега мистер Холмс айнан мен ёрдам беришим мумкин деб ўйлаяпти?

– Чунки, сиз шарқий касалликлар билимдонисиз.

– Нега энди унга юққан касални айнан шарқий деб топди?

– Чунки у Хитой матрослари орасида кўп йиллар ишлаган, шунда бу соҳада анча маҳорат орттирган.

Кэлвертон Смит илтифотли тиржайди-да, ердан қалпоқчасини олди.

– Шундай денг… – деди у. – Ўйлайманки, бу касал сиз ташвишланаётганчалик хавфли бўлмаса керак. Дарвоқе, неча кундан бери у бетоб?

– Тахминан, уч кун.

– Алаҳсираяптими?

– Аҳён-аҳёнда.

– Ҳмм! Буниси ёмон. Унинг илтимосига рад жавоби беришни ваҳшийлик деб биламан. Мен, доктор Уотсон, ишдан қолдиришганини ёқтирмайман, аммо бу истисно. Шу сабабли мен ҳозироқ сиз билан бирга кетаман.

Холмснинг тайинлагани ёдимга тушди:

– Кечирасиз, ҳозир мени бошқа бир жойда кутишяпти, – дедим.

– Яхши, ундай бўлса, ўзим боравераман. Жаноб Холмснинг манзили менда ёзилган. Ярим соатлардан сўнг етиб бораман.

Холмснинг хонасига юрагимни ҳовучлаб кириб бордим. Шу вақт ичида энг нохуш воқеа содир бўлиши мумкин эди. Аммо унинг аҳволи анча енгиллашган эди. Юзлари ҳамон мурданикидек оқ эди-ю, лекин алаҳсирашдан асар ҳам қолмаганди. Заиф, бўғиқ товушда гапиргани билан фикрлаши жуда аниқ ва тиниқ эди.

– Уотсон, сиз уни кўрдингизми?

– Ҳа, у ҳозир келади.

– Яшанг, Уотсон, жуда соз. Сиз энг яхши хабарчисиз.

– У мен билан бирга келмоқчи эди.

– Бу мутлақо мумкин эмас, Уотсон. Бунга ҳечам йўл қўйиш керак эмас. Менинг касалим сабабларини сўрадими?

– Мен унга Ист-Энд денгизчилари ҳақида гапирдим.

– Жуда соз! Ҳақиқий дўстнинг ишини қилдингиз. Энди, Уотсон, сиз саҳнадан чиқиб кетсангиз ҳам бўлади.

– Холмс, мен уни кутиб туришим ва фикрини билишим керак.

– Албатта. Агарда биз у билан холи бўлсак, унда анча очиқчасига фикрини баён этиши мумкин, деб ўйлайман. Бош тарафимда, девор билан каравот ўртасида сизга етарли жой бор, Уотсон.

– Азизим Холмс!

– Бошқа иложингиз йўқ, деб қўрқаман, Уотсон. Хонада беркинадиган жой ҳам йўқ, ҳатто шундай бўлгани маъқул, шубҳа уйғотмайди. Аммо бу ерга яширинсангиз, Уотсон, биз ҳеч нарса йўқотмаймиз.

У бирданига ўтириб олди. Озғин юзида дадиллик сезилди.

– Уотсон, ғилдираклар тарақлашини эшитяпман. Агарда мени севсангиз, тезроқ беркининг. Нима воқеа бўлишидан қатъи назар, қимир этманг. Эшитдингизми, нима воқеа бўлишидан қатъи назар! Қимир этманг, лом-мим деманг. Фақат диққат билан унинг гапларини эшитиб олинг.

Анча ўзига келган касал тўсатдан яна оғирлашиб, узуқ-юлуқ гаплар гапириб алаҳлай бошлади.

Мен паноҳгоҳимдан олдинига зинадан кўтарилаётган ва яқинлашаётган оёқлар товушини, кейин хона эшиги очилганини ва ёпилганини эшитдим. Сўнгра, мени ҳайратга солган сукунат бошланди. Фақат касалнинг оғир нафас олиши ва секин алжираши эшитиларди.

Бизнинг меҳмон касал тепасида туриб, бечора беморнинг қандай азоб чекаётганини томоша қилаётганини тасаввур қилдим. Ниҳоят, бу ғалати сукунат бузилди.

– Холмс! – деди ухлаётган одамни уйғотаётгандек кескин овозда Смит. – Холмс! Мени эшитяпсизми?

У касалнинг елкасидан қўполлик билан силтаётганини сездим.

– Ҳа-а, жаноб Смит, сизми бу? – пичирлади Холмс. – Ростини айтганда, сизнинг келишингизга унча ишонмагандим.

Смит хохолаб кулди.