banner banner banner
Шерлок Холмс ва доктор Уотсоннинг саргузаштлари
Шерлок Холмс ва доктор Уотсоннинг саргузаштлари
Оценить:
 Рейтинг: 0

Шерлок Холмс ва доктор Уотсоннинг саргузаштлари


– Бандман, аммо сизнинг гапларингизни бажонидил эшитаман.

– Бугун кечаси Хемстедда жуда антиқа бир иш содир бўлган; шу ишни текширишда бизга ёрдам бера олмайсизми?

– Ё тавба! – деб юборди Холмс. – Нима содир бўлипти у ерда?

– Қотиллик… Ўта фожиавий ва айни пайтда жуда ажойиб қотиллик. Сизнинг бундай ҳодисаларга қизиқишингизни биламан, шунга кўра, агар Аплдор Тауэрсга борсангиз-у, биздан ёрдамингизни аямасангиз, мени ғоят миннатдор қилган бўлардингиз. Бу – ғайритабиий жиноят. Биз ўлдирилган одамни бир неча вақтдан бери кузатиб юрардик. Гап шу ерда қолсин-у, у учига чиққан аблаҳ эди. Унинг темир сандиғида кишиларни обрўсизлантирувчи қоғозлар сақланарди, шу қоғозлардан у товламачилик мақсадида фойдаланарди. Лекин қотиллар ўша қоғозларнинг ҳаммасини ёқиб юборишган. Биронта ҳам қимматбаҳо буюм ўғирланмаган. Тахминимизча, жиноятчилар – оқсуяклар жамиятидан бўлишса керак. Чамаси, улар ягона бир режани – одамларни бадном бўлишига йўл қўймасликни ўз олдиларига мақсад қилиб қўйишган.

– Жиноятчилар нечта экан? – деб сўради Холмс.

– Иккита. Уларни жиноят устида тутиб олишларига сал қолипти. Бизда уларнинг оёқ излари ҳам, ташқи қиёфалари тасвири ҳам бор; уларни топишимизга тўқсон тўққиз фоиз ишонаман. Биттаси жуда ҳам эпчил бўлган, иккинчиси боғбон тутиб олай деганида қочиб қолипти. Буниси ўрта бўйли, жуссадор, юзи япалоқ, бўйни йўғон, юзига ниқоб таққан мўйловли одам бўлган.

– Белгилари анча мавҳум, – деб эътироз билдирди Шерлок Холмс. – У белгиларни, масалан, Уотсонга ёпиштирса ҳам бўлади.

– Тўғри, худди ўзгинаси, – деб жилмайди инспектор: бу ўхшатиш унга қизиқ туюлган эди. – Қуйиб қўйгандек Уотсон-а.

– Сизга бу ишда ёрдам бера олмасман деб ўйлайман, Лестрейд, – деди Холмс. – Гап шундаки, мен ўша Милвертоннинг қандай одамлигини билардим, шунга кўра, уни Лондонда энг хавфли одамлардан бири деб ҳисоблайман. Менимча, қонунда татбиқ этилмайдиган жиноятлар ҳам бўлади. Қўйинг, мен билан тортишманг. Қарорим қатъий. Мен қурбон бўлган одамга эмас, жиноятчиларга мойиллик билдираман. Мен бу ишга аралашмайман.

Шу куни эрталаб Холмс, ўзимиз шоҳиди бўлган фожиа ҳақида чурқ этиб ҳам оғиз очмади. Лекин у худди ниманидир эслашга уринаётган одамга ўхшаб ниҳоятда чуқур ўйга толган ва паришонхотир эди. Бир вақт у тўсатдан сапчиб туриб кетди.

– Юпитер[14 - Юпитер – Рим мифологиясида олий худо.] ҳаққи, Уотсон, – деб юборди у. – Эсимга тушди! Шляпангизни кийинг! Мен билан юринг!

Биз бутун Бейкер-стрит ва Оксфорд-стрит бўйлаб деярли чопиб ўтдик, Рижент-серкес майдонига етай деб қолганимиздагина югуришдан тўхтадик. Бу ерда, чап томонда бир магазин бўлиб, унинг ойнасига сўнгги кунларда довруқ қозонган одамларнинг, ҳамма маълума ва машҳура гўзал хонимларнинг фотосуратлари қўйиларди. Холмснинг нигоҳи шу дилбар хонимлардан бирига қаратилди, мен ҳам унинг нигоҳига эргашдим, шунда кўзим эгнига сарой аъёнлари либосини кийган, улуғвор бошига муҳташам бриллиант тож қўндирган такаббур қиёфали соҳибжамол аёлнинг портретига тушди. Мен бу хилқатнинг бежирим бурни, қуюқ қошлари, чиройли оғзи ва жажжи иягини кўздан кечирдим. Портрет остига ёзилган неча-неча асрлардан бери довруғи оламга таралиб келган буюк мансабдор ва давлат арбобининг исмини ўқидим-у, нафасим ичимга тушиб кетди, зеро, бу гўзал хоним шу зотнинг рафиқаси бўлган эди. Шунда кўзим Холмснинг кўзига тушди, лекин у «жим» демоқчи бўлгандай бармоғини лабига босди.

ШЕРЛОК ХОЛМС ЎЛИМ ТЎШАГИДА

Шерлок Холмс ижарада яшаётган уй бекаси миссис Хадсон унинг дастидан жуда кўп азоб чекарди. Уйининг иккинчи қаватига куннинг истаган пайтида номаълум шахслар, баъзан турқи совуқ одамлар кириб келиши етмагандай атоқли уй ижарачиси ўз бесаранжомлиги ва тоқатсизлиги билан бекасининг асабларини синамоқчидай бўларди. Холмснинг ҳаддан зиёд батартиблиги, кишилар ором оладиган пайтларда мусиқа билан шуғулланиши, хонада тўппонча отиши, ғалати ҳидли тажрибалар ўтказишдек ақлга сиғмайдиган қилиқлари, атрофини қуршаган жиноят ва хавф-хатар уни Лондондаги энг ноқобил ижарачига айлантирганди. Аммо у подшолардек ҳақ тўларди. Мен дўстим шу уйда яшаган йиллари ижарага шоҳона пул тўлаганини биламан, у ҳатто миссис Хадсоннинг уйини ҳам бемалол сотиб олиш мумкинлигига ҳеч шубҳа қилмайман.

Шу туфайли миссис Хадсон Холмснинг олдида жуда мулойим бўлишга мажбур эди. Холмс аёлларга нисбатан мулойим муносабатда бўлгани миссис Хадсонга жуда ёқарди. Ҳа, дарвоқе, Холмс ҳеч қачон аёлларни ёқтирмаган. Аммо уларга ишонмаса ҳам аёлларга нисбатан рицарларча хушмуомалада бўларди. Миссис Хадсоннинг дўстимга бўлган илтифотини билганим учун ҳам уйланганимнинг иккинчи йили у меникига ҳовлиқиб келиб, бечора дўстимнинг оғир касал бўлиб қолганини айтганда, жуда ҳаяжонландим.

– Доктор Уотсон, у жон беряпти, – деди миссис Хадсон. – Унинг бетоб бўлганига уч кун бўлди. Кундан-кунга аҳволи оғирлашяпти. Эртагача яшайдими, йўқми, буни Парвардигорнинг ўзи билади. Аммо у доктор чақиришга рухсат бермаяпти. Бугун эрталаб унинг суягига ёпишиб кетган терисини ва жавдираётган кўзини кўриб чидай олмадим. «Рози бўласизми ё йўқми, жаноб Холмс, ҳозироқ доктор чақираман», – дедим. Шунда у: «Ундай бўлса, марҳамат қилиб Уотсонни таклиф этинг», деб рози бўлди. Ўтинаман, сэр, бир дақиқа ҳам вақтни бой берманг. Акс ҳолда уни тирик кўрмайсиз!

Мен Холмснинг бирон касали йўқлигини билганим учун ҳайрон қолдим. Пальто билан шляпамни олиб кўчага қандай отилиб чиққанимни тасвирлаб ўтирмайман. Йўлда миссис Хадсондан суриштира бошладим.

– Сэр, мен сизга жуда оз нарса айтишим мумкин, – деди у. –Яқинда у Розерхайтда, ҳалиги дарё бўйидаги жин кўчаларда бир жиноий ишни текширган эди, бу касални ўша ерда юқтирган бўлиши мумкин. Чоршанба куни пешинларда мазаси бўлмай ётганича ўрнидан тургани йўқ. Мана шу ўтган уч кун ичида ҳеч нарса егани ҳам, ичгани ҳам йўқ.

– Ё Парвардигор! Нега шу вақтгача доктор чақирмадингиз?

– Сэр, ахир у рухсат бермади-да… Унинг бир сўзлигини биласиз-ку. Мен унинг гапини икки қилолмадим. Аммо, бир назар ташлашингиз билан у кўп яшамаслигига ишонч ҳосил қиласиз.

Дарҳақиқат, Холмснинг кўриниши даҳшатли эди. Ноябрь ойининг туманли кунларидан бири бўлгани учун унинг ётоқхонаси ғира-шира ёруғ эди, айниқса, ёстиқдаги бир бурда озғин, аянчли кўринган унинг юзи мени даҳшатга солди. Кўзлари жавдираб ёнарди, ёноқлари иситмадан қизариб кетган, лаблари эса қорайиб қуруқшаб кетганди. Озғин қўллари кўрпани ғижимлар, овози бўғиқ ва синиқ эди. Мен хонага кириб келганимда у қимир этмай ётганди, аммо кўзларида нимадир ялт этди – у мени таниди, чоғи.

– Хўш, Уотсон, куним битганга ўхшайди, – деди у сўниқ, аммо бурунги ҳазил оҳангида.

– Қадрли дўстим! – деб хитоб қилдим унга яқинлашарканман.

– Тўхтанг! Яқинлашманг! – деб буйруқ қилди у энг танг дақиқаларда пайдо бўладиган қатъий оҳангда. – Агар менга яқинлашсангиз, бу ердан ҳозироқ чиқиб кетишингизни сўрайман.

– Нега ахир?

– Чунки мен шуни истайман. Нима, шунинг ўзи сизга кифоя қилмайдими?

Миссис Хадсон ҳақ гапни айтган экан. Дарҳақиқат, уни қаттиққўллик тарк этмаган, аммо кўриниши анча аянчли эди.

– Ахир мен сизга ёрдам бермоқчиман-ку, – дедим унга.

– Тўғри. Агар ёрдам бермоқчи бўлсангиз, буюрган ишни қилинг.

– Яхши, Холмс.

Шундан сўнг у сал юмшаган бўлиб:

– Мендан жаҳлингиз чиқмаяптими? – деб бўғиқ овозда сўради.

Бечора! Ахир, шу аҳволда ётса-ю, мен қандай қилиб ундан ранжишим мумкин!

– Бу сизнинг манфаатингиз учун, – деди у яна ўша бўғиқ овозда.

– Менинг манфаатим учун?!

– Менга нима бўлганини яхши биламан. Бу касалликнинг Ватани – Суматра. Голландлар бу ҳақда биздан кўпроқ билишади, аммо улар ҳам уни кам ўрганишган. Лекин бу касаллик давосиз ва жуда юқумлилиги сўзсиз, аниқ ва равшан.

Мени гўё нарига итараётгандек унинг узун қўллари безовта қалтирар, титраб гапирарди.

– Уотсон, қўл тегса юқади, фақат қўл тегса! Шунинг учун мендан нарироқда турсангиз, аминманки ҳаммаси яхши бўлади!

– Вой Худойим, Холмс! Наҳотки бу касал юқади, деб ўзини четга оладиган одам бўлсам. Бегона бўлган тақдирда ҳам мен томошабин бўла олмайман. Шундай экан, бурчимни адо этиб, сиздек қадрдон дўстимни даволаш учун менга ҳеч нарса тўсқинлик қилолмайди.

Мен у томон яна бир қадам ташладим. Шунда у ғазаб билан мендан нари сурилди…

– Жойингиздан қимирламасангиз сиз билан гаплашаман. Акс ҳолда бу ердан чиқиб кетишингизга тўғри келади.

Мен дўстимнинг ғаройиб истеъдодини жуда ҳурмат қилардим. Ҳатто гоҳида тушунмасам ҳам унга итоат этардим. Лекин бу вазиятда менинг вазифам, касбим устунлик қилди. Бошқа пайтда Холмс менга нисбатан ўз ҳукмини ўтказса индай олмайман, аммо ҳозир мен – касалнинг ёнида турган шифокорман.

– Холмс, – дедим унга, – сиз қилмишларингизга ўзингиз тушуниб етмаяпсиз. Касал одам гўё ёш боладек бўлади. Истасангиз ҳам, истамасангиз ҳам сизни текширишим ва зудлик билан даволашим керак.

У ғазаб билан менга қаради.

– Агарда менинг розилигимсиз даволамоқчи бўлишса, ҳеч бўлмаса ишонадиган одамим бўлмоғи лозим.

– Ундан чиқди сиз менга ишонмас экансизда?

– Сизнинг дўстлигингизга, албатта, ишонаман. Аммо факт фактлигича қолади. Уотсон, дўстим, сиз албатта маълум тажрибага эга бўлган врачсиз, лекин чекланган мутахассиссиз. Бу гапларни сизга мен, яъни яқин дўстингиз гапириши қийин, аммо илож қанча…

Бу гаплардан мен ўзимни ҳақоратланган ҳисобладим.

– Холмс, бу сўзлар сизнинг гапларингизга ўхшамайди. Бу асабларингизнинг анча бўшашиб кетганининг далолати. Майли, менга ишонмас экансиз, ҳадеб жиғингизга тегмайман. Аммо ижозат беринг, мен сизнинг ҳузурингизга Жаспер Мик ёки Пензор Фишер, ёки Лондондаги истаган энг яхши врачларни таклиф этишим мумкин. Ахир, кимдир сизга ёрдам бериши керак-ку. Агарда ўлимингизни хотиржамлик билан томоша қилади, деб ўйлаётган бўлсангиз, у ҳолда катта хатога йўл қўйган бўласиз.

– Уотсон, сиз менга яхшилик истайсиз, – деди Холмс бўғиқ овозда. – Сизнинг жоҳиллигингизни исботлаб беришимни истайсизми? Марҳамат қилиб айтинг-чи, Тапанули вилоятидаги иситма касали ёки формоза қора куйдиргиси ҳақида нима биласиз?