banner banner banner
Ибтидо
Ибтидо
Оценить:
 Рейтинг: 0

Ибтидо

Қоронғиликда ётаркан, Лэнгдоннинг юраги титраб кетди. Сўнг унинг остидаги майсалар ҳам титрашга тушди. Титроқ кучайиб боргач, Лэнгдон ер ҳақиқатдан ҳам қимирлаётганини сезди. Лэнгдоннинг танаси ернинг қимирлаши натижасида силкина бошлади ва бутун зални шовуллаган овоз тутди.

Профессор овозни таниди: тоғдан тушаётган дарё шарқираб оқади. Товуш ҳозир майсазор остидаги карнайлардан таралмоқда. Лэнгдоннинг юзи ва танаси узра совуқ ҳамда нам туман кўтарилди. У ўзини тезоқар дарё ўртасида ётгандек ҳис қилди.

– Эшитяпсизми? – сўради Кирш баланд овозда. – Илм дарёси ўз қирғоқларидан тошмоқда.

Дарё шовқини янада баландлаб, Лэнгдоннинг ёноқларига сув томчилари урилди.

– Инсон оловни кашф этгандан буён, – хитоб қилди Эдмонд шовқин ичида, – бу дарё куч тўпламоқда. Ҳар бир кашфиётимиз янги кашфиётларни яратишимиз учун воситадир. Ҳар бир кашфиётимиз бу дарёга бир томчи бўлиб қўшилади. Бугунги янгилик томчи эмас, шиддаткор селдек дарёни ўзанидан тоширади. Унинг кучини ортиқ тўхтатиб бўлмайди.

Зал ҳануз титраётган эди.

– Биз қаердан келганмиз?! – қичқирди Эдмонд. – Олдинда бизни нима кутмоқда?! Бу жумбоқларнинг жавобини топиш инсоният тақдирига битилган! Минглаб йиллар давомида ечимга олиб борувчи тадқиқот усулларимиз юксак даражада ривожланиб келди!

Галерея ичида қаттиқ шамол эса бошлади, дарёнинг шовуллаши қулоқни кар қиладиган даражага етди.

– Эътибор қилинг, инсон оловни кашф қилгандан бошлаб, ғилдиракни ихтиро қилишигача миллион йил вақт ўтди. Ғилдиракдан босма қоғозгача бўлган вақт атиги бир неча минг йилни ташкил этди. Орадан бир неча юз йил ўтгач, телескоп бунёд бўлди. Кейинги асрларда, жуда қисқа вақт оралиғида, буғ машинасидан бензинда юрувчи автомобилларга, ундан ракеталар яратишга муваффақ бўлдик. Шундан сўнг ДНКмизда ўзгариш қилишга қандайдир йигирма йил керак бўлди, холос. Бизнинг замонамизда ҳар ой илмий янгилик қилинади, – қичқиришда давом этди Кирш. – Яна бироз муддат ўтгач, бугунги энг тезкор суперкомпьютер кўзимизга алмисоқдан қолган ҳисоблаш машинаси бўлиб кўринади; энг замонавий жарроҳлик усуллари ёввойилик туюлади ва илғор энергия манбалари аждодларимиз фойдаланган шамдек таассурот уйғотади.

Шовуллаган сув ҳамда Эдмонднинг овози қоронғиликда акс‐садо берарди.

– Илк юнон олимлари қадимги маданиятни ўрганиши учун бир неча аср ортга қарашига тўғри келган. Биз эса бир авлод ортга қарасак бас, бугун биз фойдаланаётган технологиялардан мосуво бўлган “қадимги”ларни кўрамиз. Инсоният тараққиёти жадвали зич тақсимланган: “қадимий” ва “замонавий” атамаларини ажратиб турувчи бўшлиқ нолга тенглашмоқда. Шуни инобатга олиб, сизларга ваъда бераман: инсоният юксалишининг кейинги бир неча йили ҳайратланарли ва ақл бовар қилмайдиган ҳодисаларга бой бўлади.

Кутилмаганда қулоқни қоматга келтирувчи шовқин тиниб, залга осойишталик чўкди.

Осмон яна юлдузларга тўлди. Чигирткалар чириллаб, майин шабада эса бошлади.

Залдаги меҳмонлар бир овоздан енгил нафас олди.

Жимликни Эдмонднинг шивирлаган овози бузди:

– Дўстларим, – юмшоқ оҳангда деди у. – Бу ерга кашфиётимдан баҳраманд бўлиш учун йиғилгансиз. Бироз куттириб қўйганим учун узр сўраган ҳолда, каминага сўзлаш учун имконият берганингиздан мамнунлигимни изҳор этаман. Келинг, энди эскирган фикрлаш тарзимизни ахлат қутига улоқтирайлик. Кашфиётнинг қувончини баҳам кўриш муддати етди.

Эдмонд гапини якунларкан, ҳар томондан кўтарилган енгил туман атрофни қоплаб олди, бош устидаги чироқлар ёрқин нур тарата бошлади ва экранда томошабинлар акси намоён бўлди.

Тўсатдан ишга тушган прожектор ёғдуси зал охирига йўналди. Йиғилганлар орқага ўгирилиб мезбоннинг кўриниш беришини ҳаяжон ичра кута бошлади. Аммо бир неча сониядан сўнг прожектор зал бошига кўчди.

Унга қўшилиб томошабинлар ҳам нигоҳини шу томонга қаратди.

Залнинг бошида, прожекторнинг ярақлаган нурлари остида жилмайганча Эдмонд Кирш турарди. У қўлларини минбар четига суяган, нигоҳлари хотиржам, саҳнада осмондан тушгандек пайдо бўлганди.

– Хайрли оқшом, дўстлар! – деди буюк шоумен сокин овозда.

Атрофни қоплаган туман секин тарқала бошлади.

Саноқли сониялар ичида одамлар баравар ўрнидан туриб, мезбонни олқишларга кўмиб ташлади. Лэнгдон хурсандчилигини яширолмай, уларга қўшилди.

“Йўқ жойдан бор бўлишда Эдмондга етадигани йўқ!”

Куфрона бўлишига қарамай, бугунги тақдимот ҳақиқий шоуга айланганди – қизиқарли, яхлит ва кутилмаган – худди эгасига ўхшаб. Жаҳоннинг ўсиб бораётган кенг фикрловчи аҳолиси нима сабабдан Эдмондга юқори баҳо бериши сабаби Лэнгдонга энди тушунарли бўлди.

Ўйлаганини дангал гапириш ҳамманинг ҳам қўлидан келавермайди. Эдмондга тасанно айтиш керак бу борада.

Юқоридаги экранда Эдмонднинг чеҳраси намоён бўлгач, Лэнгдон шогирди профессионал макияж ёрдамида аввалгидан тузукроқ кўринаётганини пайқади. Шундай бўлса-да, Лэнгдон унинг толиққанини сезди.

Олқишлар давом этаркан, Лэнгдон кўкрак чўнтагидаги титроқни базўр ҳис қилди. Одатига кўра, телефонига қўл югуртирди, лекин унинг ўчирилганини эслади. Вибрация чўнтагидаги бошқа ускуна – суякка ўрнатиладиган қулоқчиндан тараларди. Афтидан, Уинстон алоқага чиққан чоғи.

“Жуда нотўғри вақт топдингиз-да!”

Лэнгдон қулоқчинни олиб, бошига ўрнатди. Унинг ёстиқчаси жағ суягига тегиши биланоқ, Лэнгдоннинг мияси ичида овоз янгради:

– …фессор Лэнгдон? Шу ердамисиз? Телефонлар ишламаяпти. Мен алоқага чиқа оладиган ягона одам сизсиз. Профессор Лэнгдон?

– Эшитаман, Уинстон? – жавоб берди Лэнгдон қарсаклар шовқини ичра.

– Хайрият! – оҳ тортди Уинстон. – Мени диққат билан тингланг. Жиддий муаммо чиқди!

Йигирма биринчи боб

Катта ареналарда чексиз ғалаба онлари нашидасини сурган инсон сифатида Эдмонд Кирш ўз муваффақиятларидан ҳамиша рағбат оларди, лекин аҳён‐аҳёнда чинакамига хурсандчиликни ҳис қиларди. Айни лаҳзада минбарда турганча мухлислар эътирофини қабул қиларкан, Эдмонд дунёни ўзгартириш арафасида эканлигини билиб, чин қалбдан масрур эди.

– Марҳамат, жойингизга ўтиринг, дўстлар, – ишора қилди у. – Энг қизиғи ҳали олдинда.

Туман буткул йўқолгунча Эдмонд миллионлаб томошабинлар қаршисида ўзининг жонли тасвирини акс эттириб турган юқоридаги экранга қарашдан зўрға тийилди.

"Унутилмас онлар келди, – деб хаёлидан ўтказди Эдмонд, – бу онлар миллатлар, табақалар ва динлар ўртасидаги чегараларга чек қўяди".

Эдмонд чап томонда турган Амбра Видалга миннатдорлик билдириш учун ўгирилди. Аёл бир неча ой мобайнида тиним билмасдан бу томошани ташкиллашда катта кўмак кўрсатганди. Ажабланарлиси, Амбранинг эътибори Эдмондда эмасди, у хавотир билан оломон ичига тикиларди.

“Бу ерда бир гап бор”, ўйлади Амбра томошабинларни кўздан кечириб.

Залнинг марказида баланд бўйли, башанг кийинган эркак меҳмонлар тўдасини ёриб ўтиб, қўлларини силкиганча Амбра томон келаётганди.

“Ахир, бу Роберт Лэнгдон‐ку!” Аёл Киршнинг видеосидаги америкалик профессорни, ниҳоят, таниди.

Яқинлашаётган Лэнгдонни кўриши биланоқ бир четда турган Қироллик гвардияси қўриқчилари сергак тортиб, профессорнинг йўлини тўсишга ошиқди.

“Унга нима керак?” Лэнгдоннинг ташвишли қиёфасини илғаб, аёл баттар хавотирга тушди.

У минбарга ўгирилиб, Эдмондга қаради, “Профессорни у ҳам кўрдимикан?” Лекин Эдмонд Кирш саҳнага эътибор бермаётганди. Унинг нигоҳи тўғри Амбрага қаратилганди.

“Эдмонд! Бир гап бўлганга ўхшайди!”

Худди шу лаҳза гумбаз ичидан қарсиллаган товуш эшитилди ва Эдмонднинг боши ортга қалқиб кетди. Эдмонднинг пешонасида пайдо бўлган қизил тешикчага кўзи тушган Амбра даҳшатга тушди. Киршнинг кўзлари оҳиста юмилди, аммо қўллари минбарни маҳкам ушлаганча бутун гавдаси тош қотди. Сўнг бироз гандираклаб, юзида тушунарсиз ифода ҳосил бўлди ва қулаётган дарахтдек танаси бир ёнга эгилиб, гурсиллаб полга қулади. Унинг пешонасидан сизиб чиқаётган қон бутун юзини алвон рангга бўяганди.

Нималар содир бўлаётганини англашга улгурмасиданоқ, соқчилардан бири Амбрани полга эгиб, ҳимоя қилди.

Вақт бир лаҳзага тўхтаб қолди.

Сўнг… Сўнг қиёмат бошланди.