banner banner banner
Ибтидо
Ибтидо
Оценить:
 Рейтинг: 0

Ибтидо

Бир неча ҳафта муқаддам Амбра тақдимотдаги иштироки тўғрисида нуфузли бир одамга гапириб берди. У одам мазмунидан бехабарлиги етмагандек, яна кимсан Эдмонд Киршдек радикал ташкиллаётган тадбирда қатнашмасликка ундади.

“У дастурни бекор қилишни сўраганди, – эслади аёл. – Лекин унинг хўжайинлик қилиши жаҳлимни чиқариб, айтганига қулоқ солмадим.”

Айни дамда юлдуз тўла само остида ёлғиз тураркан, Амбра ўзидан сўради: “У ҳозир жонли эфирни кузатяптими? Қаердадир, монитор қаршисида бошини чангаллаганча ўтиргандир?”

“Албатта томоша қиляпти, – ўйлади қиз, – қизиқ, энди қандай йўл тутаркан?”

* * *

Алмунда черкови. Епископ Вальдеспино компьютер мониторидан кўз узмасдан қотиб ўтирарди. Қироллик саройидаги ҳамма, айниқса, валиаҳд Хулиан жонли эфирни томоша қилаётганига шубҳа йўқ эди.

“Шаҳзода жаҳл отига мингани аниқ.”

Бугун Испаниядаги энг бообрў музейлардан бири америкалик радикал атеист билан ҳамкорлик қилиб, куфр ва насронийликни таҳқирловчи дастурни оммавий эфирга узатмоқда. Тақдимот Испаниянинг энг кўзга кўринган аёли, соҳибжамол Амбра Видал бошчилик қиладиган музейда ўтказилаётгани оловга мой қуйди. Ўтган ойдан бери испан нашрларининг бош саҳифаларидан жой эгаллаб, бутун мамлакат муҳаббатига сазовор бўлган сеньора Видал эришган шуҳратини хавф остига қўйиб, шаккок тақдимотга мезбон бўлиши кутилмаган зарба эди.

“Шаҳзода Хулианнинг расмий баёнот беришдан бошқа чораси йўқ энди.”

Мустақил католик мамлакатининг бўлғуси ҳукмдори бўлгани учунгина эмас, балки шахсий масала юзасидан ҳам Амбранинг бугунги ишларга аралашиб қолгани шаҳзодага жиддий таъсир ўтказарди. Гап шундаки, Амбра Видал қироллик оиласига бегона эмасди. Бир ойча муқаддам, халқ оммасига ошкор этилган қувончли янгилик туфайли мафтункор аёл омма эътирофига тушганди.

Бир ой аввал бўлғуси қирол Бильбао музейи директори Амбра Видал билан унаштирувини эълон қилган эди.

Йигирманчи боб

Роберт Лэнгдон воқеалар ривожидан ташвишга туша бошлади. Эдмонднинг тақдимоти барча динларни оммавий қоралаш тусини олаётганди. Наҳотки, Эдмонд ўзини залга тўпланган бир гуруҳ секуляр олимлар эмас, балки дунё бўйлаб миллионлаб томошабинлар кузатаётганини унутган бўлса?

“Шубҳасиз, тақдимот ҳақиқий урушга сабаб бўлади."

Дастурдаги чиқиши Лэнгдонни ташвишга солди. Албатта, Ҳарвардда суратга олинган видеони кўрсатиб, Эдмонд, аввало, ўқитувчисига нисбатан чуқур ҳурматини намойиш этди. Аммо Лэнгдон ўтмишда ўзи истамаган ҳолда диний низоларнинг марказига тушиб қолган… у яна ўша ёқимсиз воқеалар қайтарилишини истамайди.

Ўтмишда нима бўлганидан қатъи назар, Кирш айни дамда динларга қарши уруш очди; аудио‐видео материаллар – унинг қуроли. Епископ Вальдеспинонинг Эдмондга юборилган овозли хабарига беписанд қарагани учун Лэнгдон энди ўзини койий бошлади.

– Тан оламан, – залда яна Эдмонднинг овози янграркан, экранда турли даврларда турли миллатлар томонидан яратилган диний рамзлардан иборат коллаж ҳосил бўлди, – кашфиётимни эълон қилишга иккиландим. Айниқса, унинг диндорларга кўрсатадиган таъсири мени ўйлантирди, – у сукутга толди. – Шунинг учун уч кун олдин табиатимга зид бўлган бир ишга қўл урдим. Диний қарашларга ҳурматимни кўрсатиш ҳамда эътиқод вакиллари янгилигимни қай йўсинда қабул қилишини баҳолаш мақсадида, энг кенг тарқалган уч дин – ислом, насронийлик ва яҳудийликнинг диний йўлбошчилари билан учрашиб, кашфиётимни уларга билдирдим.

Зал бўйлаб шивир‐шивир бошланди.

– Кутганимдек, раҳнамолар кўрсатган нарсамни чексиз ҳайрат, сўнгсиз хавотир ва ҳатто жаҳл билан кутиб олди. Менга нисбатан салбий муносабатига қарамай, бу инсонларга учрашув учун миннатдорлик билдирмоқчиман. Исмларини сир сақлаган ҳолда, уларга мурожаат қилиб, тақдимотга халал беришмагани учун ташаккур билдираман, – Кирш яна сукутга толди. – Халал бера олишармиди ўзи, Худо билади.

Эдмонд усталик билан иш кўраётганига Лэнгдон қойил қолди. Диний йўлбошчилар билан кўришгани томошабинларга аслида Эдмондга хос бўлмаган бағрикенглик, ишонч ва холислик сифатларини кўрсатиб берарди. Монсерратдаги учрашув, Лэнгдоннинг фикрича, бўлғуси пиар юриш вазифасини ўтаганди.

“Ақлли юриш”, тан берди у.

– Тарихан, – давом этди Эдмонд, – диний ақидалар ҳамиша илмий тараққиётни бўғиб келган. Шунинг учун мен раҳнамолардан айтмоқчи бўлган гапимга босиқлик билан қарашини сўрайман. Илтимос, қонли зўравонликлар қайтарилишига йўл қўймайлик. Ўтмишдаги хатоларни такрорламайлик.

Шифтда саҳро бўйлаб оқаётган дарё соҳилидаги девор билан ўралган қадимий шаҳар тасвири кўринди.

Лэнгдон дарҳол архитектураси ноодатий қадимий Бағдод шаҳрини таниди.

– Саккизинчи асрда, – деди Кирш, – Бағдод шаҳри илм‐фан ўчоғи сифатида оламга кўрк очди. Унинг университет ва кутубхоналари эшиги барча динлар, фалсафа мактаблари ҳамда олимлар учун ланг очилди. Беш юз йил мобайнида шаҳар кўз кўриб, қулоқ эшитмаган илмий янгиликлар, кашфиётларни дунёга ёйди. Бағдод дорилфунунларининг таъсири ҳамон сақланиб қолган.

Экранда яна юлдузлар кўринди. Бу сафар уларнинг ёнида Вега, Бетелгейзе, Ригел, Алжабр, Денеб, Ақраб, Киталфа исмлари битилган эди.

– Бу исмларнинг ҳаммаси арабчадан олинган, ҳозир осмондаги юлдузларнинг учдан икки қисми араб тилида аталади, сабаби, улар араб астрономлари томонидан кашф қилинган.

Само тоқи арабча номланган юлдузлар билан шу қадар тўлиб кетдики, ҳаммаси бирлашиб осмонни портлатиб юборадигандек эди.

– Албатта, агар юлдузларни санашни истасак…

Юлдузлар ёнидаги арабча исмлар ўрнини рим рақамлари эгаллади:

I, II, III, IV, V…

– Биз римча эмас, балки арабча рақамлардан фойдаланамиз, – Кирш сўзида давом этаркан, экрандаги рим сонлари ғойиб бўлиб, арабча рақамлар пайдо бўлди. 1, 2, 3, 4, 5…

– Юқоридаги исломий кашфиётлар барчага бирдек таниш эканига шубҳам йўқ. Яна биз ҳанузгача арабча номларни кенг қўллашимизни ҳам таъкидлаш жоиз.

Экран юзини тенгламалар қуршовидаги АЛГEБРА жумласи кесиб ўтди. Сўнг АЛГОРИТМ сўзи кўплаб формулаларни эргаштириб пайдо бўлди. Кейин Ер горизонтларини ифодаловчи диаграмма билан АЗИМУТ атамаси кўринди. Худди шу тарзда НОДИР, ЗEНИТ, АЛКИМЁ, КИМЁ, КОД, ЭЛИКСИР, АЛКОГОЛЬ, НОЛЬ, ИШҚОР сингари атамалар намоён бўла бошлади.

Бош узра оқиб ўтаётган арабча жумлалар Лэнгдонга жуда яхши таниш эди. Бахтга қарши, ТВ ва нашрлардаги янгиликлар туфайли кўплаб америкаликлар Бағдодни оддийгина, чанг босган, қолоқ, уруш қирон солган шаҳар сифатида тасаввур қилиб, бир вақтлар у инсоният илм‐фан ва маданияти маркази бўлганидан бехабарлигича ўтади.

– Ўн биринчи аср охиригача, – давом этди Эдмонд, – ер юзидаги энг буюк илмий тадқиқотлар ҳамда кашфиётлар Бағдодда қилинаётганди. Кейин бир кечада ҳаммаси бирдан ўзгарди. Ҳамид ал‐Ғаззолий исмли ажойиб олим – ҳозир уни тарихдаги энг донгдор мусулмон деб ҳисоблашади – Афлотун ва Арастунинг мантиқ илмини муҳокама қилиб, математикани “Иблис фалсафаси” дея эълон қилувчи бир қанча илмий матн ёзади. Шу билан, одамларда илм‐фанга шубҳа уйғонади, диний билимларни эгаллаш мажбурий қилинади, охир‐оқибат мусулмонларнинг илм‐фандаги ривожланиши жарликка юз тутади.

Экрандаги илмий атамалар емирилиб, Исломий муқаддас ёзувлар ҳосил бўлди.

– Илмий тадқиқотлар ўрнини диний битикларни ўрганиш эгаллади. Ўшандан бери ислом илм‐фани оёққа туришга ҳаракат қилмоқда, – Эдмонд тин олди. – Умуман олганда, насроний илм дунёси ҳам бу масалада мақтана олмайди.

Шифтда донгдор астрономлар – Николай Коперник, Галилео Галилей ва Жордано Бруно тасвири намоён бўлди.

– Черковнинг тарих гувоҳ бўлган кўплаб бетакрор ақл эгалари устидан юритган чеклов, қамоқ ва қатл сиёсати инсониятни ривожланишдан салкам бир асрга ортда қолдирди. Яхшиямки, бугун илм‐фаннинг фойдасини яхшироқ англаганимиз туфайли черков ўз ҳужумларини сезиларли камайтирди… – Кирш уҳ тортди. – Ёки ундай эмасми?

Осмонда кўк глобус ичидаги хочга ўралиб турган илон тасвири туширилган логотип пайдо бўлди. Унинг остида қуйидаги жумлалар бор эди:

Илм‐фан ва ҳаёт бўйича Мадрид Декларацияси

– Яқинда, айни шу ерда, Испанияда, Католик тиббиёт ассоциациялари дунё федерацияси ген инженериясига қарши уруш эълон қилди. Уларнинг даъво қилишича, фаннинг қалби йўқ, шу сабабли у черков томонидан тақиқланиши даркор эмиш.

Глобус логотипи думалоқ – зарраларни тезлаштиргич чизмаси ҳосил бўлди.

– Мана бу Техас суперўтказувчан суперколлайдерининг сурати. У олам яратилишининг илк лаҳзаларини ҳам тадқиқ этишга қодир жаҳондаги энг катта тезлаштиргич бўлиши кўзда тутилган эди. Буни қарангки, суперколлайдерни Американинг Библия белбоғи ўртасига ўрнатишибди.

Сурат Техас саҳроси бўйлаб чўзилган узук шаклидаги баҳайбат бетон қурилишга айланди. Унинг қурилиши битган ярим қисми чанг билан қопланган бўлиб, қурилиш охирига етказилмаганидан дарак берарди.

– Америка суперколлайдери борлиқни яхшироқ тушунишга имкон бериши мумкин эди, бироқ лойиҳа сарф‐харажатнинг кўпайгани ва сиёсий босимлар туфайли ёпилди.

Экранда видео пайдо бўлди – ёш телеевангелист “Худонинг зарраси” деб номланган бестселлер китобни чангаллаганча қичқирмоқда: “Биз Худони қалбимиздан қидиришимиз керак, атомлардан эмас! Аҳмоқона тажрибага миллиардлаб доллар маблағ сарфланиши Техас штати учун шармандалик ва Худога исёндир!”

– Мен айтган низолар, – Эдмонднинг овози эшитилди яна, – диний хурофотлар илм‐фан йўлига ғов бўлганини кўрсатади. Лекин бу дин сабабли чиқаётган урушлар олдида хамир учидан патир, холос.

Шифтни бугунги жамиятнинг даҳшатли тасвирларидан иборат коллаж қоплади – генетик лабораториялар олдидаги намойишлар, Трансгуманизм конференциясида ўзига ўт қўйган роҳиб, қўлларини мушт қилганча “Ибтидо” китобини ушлаб олган евангелистлар, Дарвин‐балиқни еб қўяётган Исо‐балиқ тасвири, ҳужайра тадқиқотлари, гомосексуализм, абортга қарши осилган нафрат ифодаланган постерлар, ўз ўрнида, уларга жавобан ёзилган норози баннерлар…