banner banner banner
ШАҲЗОДА ВА ГАДО
ШАҲЗОДА ВА ГАДО
Оценить:
 Рейтинг: 0

ШАҲЗОДА ВА ГАДО


– Ушла буни! Ҳовуз томонга судраларинг! Итлар қани? Ғажиб ташла буни, Арслон! Кекирдагидан ол, Қозиқтиш!

Кейин эса Англия шу пайтга қадар гувоҳ бўлмаган манзара юзага келди: қора халқнинг болалари валиаҳд шаҳзода ҳазрати олийларига қўл кўтармоққа журъат этганлари етмагандай, тағин унга итларини гижгижлаб, ғажитиб ташламоқчи ҳам бўляптилар!

Тун пайти шаҳзода шаҳарнинг аҳоли гавжум қисмига етиб келди. Бутун аъзои бадани моматалоқ бўлиб кўкарган, қўллари шилиниб қонаган, эгнидаги увадалар лойга буланган. У тобора кўпроқ иродасидан айрилган кўйи шаҳар бўйлаб тентирайди, – тинкаси қуриган, беҳол, оёғини зўрға судраб босади. Аъло ҳазратлари энди йўловчиларга савол беришдан ҳам тийиларди, чунки жавобига улардан фақат сўкиш эшитяпти, холос. У ўзича минғирлаб боради:

– Сарқитлар Ҳовлиси! Йўлда йиқилиб қолмасдан ўша ергача етиб боролсам бас, шундагина нажот топишим мумкин. Ҳалиги боланинг қариндошлари мени саройга олиб боришади, уларнинг оиласига дахлдор эмаслигимни, ва ҳақиқий шаҳзода эканимни айтишади, сўнг камина яна асл мақомига қайтади.

Бола Масиҳ Қўнимгоҳидаги безорилар уни қандай хўрлаганларини дам-бадам эслаб борар экан, ўзига ўзи гапириб қадам ташлайди:

– Мен шоҳлик тахтига ўтирганимда уларни егулик ва бошпаналик бўлишдан ташқари, китоб ўқиб, илм олишга ҳам мажбур қиламан. Агар юрак ва ақл оч қолса, ошқозоннинг тўқлиги сариқ чақага ҳам арзимайди. Мен бу воқеаларни яхшилаб эслаб қоламан, зеро бугун камина олган сабоқлар бекор кетмаслиги ва менинг халқим жаҳолат машаққатини тортмаслиги лозим. Зеро, билим қалбларни юмшатиб, саховатга ва мурувватга ўргатгусидир.

Деразаларда чироқлар шуъласи кўрина бошлади. Шамол кўтарилиб, ёмғир бошланди. Рутубатли, совуқ тун кириб келди. Бошпанасиз шаҳзода − Англия тахтининг уй-жойсиз вориси қашшоқларнинг вайрона кулбалари зичлашиб кетган ифлос кўчаларнинг қинғир-қийшиқ йўлкаларидан тобора ичкарилаб бормоқда эди.

Бир пайт қандайдир барзанги, ғирт маст одам қўполлик билан унинг ёқасидан олиб, дўқ урди:

– Яна ярим кечагача изғиб юрдингми? Уйга эса сариқ чақа ҳам олиб келмаган бўлсанг керак?! Ҳали шошмай тур! Агар уйга пулсиз қайтган бўлсанг-у, чиллакдай ингичка қовурғаларингни уриб синдирмасам, Жон Кенти отимни бошқа қўяман!

Шаҳзода бу ароқхўрнинг чангалидан силтаниб чиқди ва унинг ифлос панжаси тегиб булғаган ва оғритган елкасини ижирғаниш билан силаган кўйи бақириб қолди:

– Э-ҳа, сен унинг отасимисан? Тақдирнинг марҳаматига шарафлар бўлгай! Мени ўз уйимга олиб бор, уни эса саройдан олиб кет.

– Унинг отаси? Нима демоқчи эканингни билолмадим, лекин сенинг отанг ўзим эканимни аниқ биламан… Яхшилаб адабингни берганимда бу дарров эсингга тушади…

– Менга ҳазиллашма, айёрлик қилма ҳамда вақтни ҳам чўзма! Мен чарчаганман, баданим моматалоқ, сабр қилишга қувватим етмайди. Мени қирол отамнинг ҳузурига олиб бор, у сени ҳатто энг ғаройиб тушларингга ҳам кирмаган бойликлар билан мукофотлайди. Менга ишон, ишонавер, сени алдаётганим йўқ, айни ҳақиқатни айтяпман! Менга ёрдам қўлингни чўз ва азоблардан қутқар! Камина ҳақиқатан ҳам Уэлс шаҳзодаси эрур!

Жон Кенти болага ҳайрат билан тикилди ва бошини сарак-сарак қилиб, минғирлади:

– Эсингдан айрилибсан, бола, худди ҳозиргина жиннихонадан чиқиб келаётганга ўхшайсан.

Кейин шаҳзодани яна ёқасидан олди-да, хирилдоқ овозда сўкина бошлади:

– Миянг айниганми, йўқми, лекин биз бувинг билан ҳар бир қовурғангни санаб чиқмасак, Жон Кенти отимни шартта ўзгартириб юбораман!

У ғазабланган шаҳзодани типирчилаб қаршилик кўрсатишига қарамасдан судраб кетди ва исқирт кўча дайдиларининг сершовқин шодон қичқириқлари остида у билан бирга яқин атрофдаги ҳовлиларнинг бирида ғойиб бўлди.

V БОБ

ТОМ – АСЛЗОДА

Том Кенти шаҳзоданинг хосхонасида ёлғиз қолгач, ўзининг одам нигоҳидан панада эканидан унумли фойдаланиб қолди. У катта кўзгу ёнида гоҳ ундай, гоҳ бундай туриб, ўзининг ғаройиб либосларидан завқланди, кейин шаҳзоданинг шоҳона қадам босишига тақлидан нари-бери юриб кўраркан, бунинг қанчалик салобат бағишлашини кузатиш учун ҳамма вақт нигоҳи кўзгуда бўлди. Сўнг эса чиройлигина қилични яланғочлади ва чуқур таъзим ила унинг тиғини ўпгач, бағрига маҳкам босди. Беш-олти ҳафталар муқаддам болакайнинг кўз ўнгида бир олийжаноб жўмардтўра

Норфолк ва Саррей насабли машҳур лордларни қамоқхонага жойлаштириш учун Тауэрнинг комендантига топшираётганида унга шу тарзда эҳтиром кўрсатган эди. Том ёнбошига илинган, қимматбаҳо тошлар билан безатилган ханжарни ўйнади, хосхонанинг ҳашаматли ҳамда қимматбаҳо жиҳозларини томоша қилди, зийнатли курсиларнинг ҳар бирига керилиб ўтириб кўрди ва агар Сарқитлар Ҳовлисида яшайдиган болалар бу ерга ҳеч бўлмаса эшик тирқишидан мўралаб, уни мана бундай салобатли ҳолда кўришса, ўзини қандай шоҳона тутган бўлишини тасаввур қила бошлади. Уйга қайтганида одамлар унинг ғаройиб ҳикояларига ишонишармикан ёки бошларини сарак-сарак қилиб, унинг хомхаёллари чегарадан чиқиб кетгани ва охир-оқибат ўзи ҳам ақлдан озиб қолганини бир-бирларига гапира бошлашармикан?

Шу тарзда ярим соатлар чамаси вақт ўтди. Шундагина Том шаҳзода нима учундир ҳанузгача қайтмагани ҳақида ўйлаб қолди ва ўзини жуда ёлғиз ҳис этди. Тез орада эса атрофини қуршаб турган зийнат-безаклар болакайни қизиқтирмай қўйди: энди у ҳар бир товушга жонҳолатда қулоғини динг қила бошлади. Кичик Кенти аввалига ўзини нохуш сеза бошлади, кейин ҳавотирга тушди, оқибатда росмана ваҳимада қолди. Тўсатдан қандайдир одамлар кириб қолиб, уни шаҳзоданинг либосида кўриб қолишса-чи? Шаҳзода эса йўқ, уларга бор гапни айтиб берадиган гувоҳ қани? Чувриндини аввалига гапсиз-сўзсиз дорга осиб юборишади-да, кейингина бу бола саройга қандай келиб қолгани ҳақида суриштира бошлашади. Бунақа майда-чуйда ишларда сарой аъёнлари қарорни шартта чиқариб қўяқолишларини у эшитганди. Боланинг ташвиши тобора ортиб борарди. Том қалтираб-қақшаган кўйи қўшни хона эшигини асталик билан очди. Шаҳзодани тезроқ топмаса бўлмайди. Шаҳзода уни муҳофаза қилади ва саройдан чиқариб юборади. Башанг кийиниб олган, шаҳзоданинг мулозимлари мақомидаги олти нафар жаноблар ва таниқли насл-насабларга мансуб, худди капалаклардай ясанган икки маҳрам ўспиринлар ўринларидан сакраб туриб, Томга таъзим қилдилар. У шошилиб ортга чекинди ва эшикни ичкаридан ёпиб олди.

“Улар мени мазаҳ қилишяпти, – ўйлади у. – Ҳозир чиқиб, ҳаммасини овоза қилишади… Вой-эй, мени бу ерга ажалим ҳайдаб келган экан!”

Том ваҳиманинг зўридан хонанинг у бурчидан бу бурчига безовта юрар экан, атрофга қулоқ тутиб, ҳар бир шитирлашдан ҳам қалтираб қоларди. Бирдан эшик очилиб, ипак кийимли маҳрам эълон қилди:

– Жейн Грей хоним!

Эшик очилиб, башанг кийинган ёшгина қиз Томнинг ёнига сакраб-сакраб югуриб келди. У бирдан тўхтади ва афсус билан сўз қотди:

– О! Нега бунчалик ғамгинсан, валиаҳд?

Том эс-ҳушини йўқотаёзди, лекин ўзини тетикроқ тутишга уриниб, минғирлаб қўйди:

– Оҳ, менга раҳминг келсин, ойимқиз! Камина валиаҳд эмас, мен бор-йўғи Лондоннинг Сарқитлар Ҳовлисида тиланчилик билан кун кўриб юрган бечора Том Кентиман, холос. Сендан илтимос, шаҳзода билан кўришишимга имкон бер. У ўз марҳаматини дариғ тутмасдан менинг увадаларимни ўзимга қайтарса ва бу ердан тирик ҳамда соғ-саломат ҳолимда жуфтагимни ростлаб қолишимга имкон берса бас. О, менга илтифот кўрсатиб, офат-балодан қутқар, ойимқиз!

Бола тиз чўкди ва қиз томон қўлларини чўзди, у нафақат сўзлари билан, балки нигоҳи билан ҳам ундан марҳамат тилар эди. Қиз эса бир муддат даҳшатдан тош қотиб турди, кейин қичқириб юборди:

– О, валиаҳд, сен қаршимда тиз чўкдингми?! – сўнг ваҳима ичида қочиб кетди.

Том умидсизлик билан ўзини ерга ташлади ва ўзига ўзи деди:

“На ёрдам, на умид! Ҳозир соқчилар келишади-да, мени ҳибсга олишади”.

У қўрқувдан қалт-қалт титраб, ерда думалаб ётган айни пайтда сарой бўйлаб ғалати овоза тарқалди. Шивирлашлар хизматкордан чўрига, аъёнлардан хонимларга ўтиб борарди, – саройларда доимо пичирлаб гаплашишади, – узун даҳлизлар бўйлаб пастки қаватлардан юқори қаватларга, хонадан хонага миш-миш ёйилади: “Шаҳзода ақлдан озибди! Валиаҳд эсидан айрилганмиш!”. Тез орада ҳар бир меҳмонхонада, ҳар бир мармарли хонада ялтир-юлтирларга бурканган киборлар ва хонимлар ҳамда улар каби ясан-тусан қилган, аммо насаб сифатидан қуйироқ бўлган аъёнлар ҳам бир-бирлари билан жонҳолатда пичирлашишар ва ҳар бирининг юзида қайғу аломати зоҳир эди. Кутилмаганда башанг кийинган мулозим пайдо бўлди ва сокин қадам билан ҳар бир кишининг ёнидан ўтиб борар экан, тантанали равишда эълон қилди:

“ҚИРОЛ НОМИ БИЛАН!”

“Ўлим хавфи остида бу ёлғон ҳамда бемаъни хабарга қулоқ тутмоқлик, уни муҳокама этмоқлик ҳамда саройдан ташқарида тарқатмоқлик қатъиян тақиқланади! Қирол номи билан!”

Шивирлашлар дарҳол тўхтади, гўёки барча пичирлашаётганлар бирданига соқов бўлиб қолгандай эдилар.

Кўп ўтмай йўлаклар бўйлаб ари ғувиллашидай ғовур-ғувур бошланди.

– Шаҳзода! Қаранглар, шаҳзода келяпти!

Шўрлик Том ўзига таъзим учун эгилган сарой аъёнлари ёнидан имиллаб ўтиб борар экан, уларга жавобан айнан шундайин таъзим билан бош эгади ва бу ғалати вазиятга умидсиз кўзлари билан аянчли нигоҳ ташлайди. Икки нафар маҳрамлар икки томондан уни қўлтиғидан тутиб бормоқдалар, бу билан Томнинг қадамига тетиклик бағишлашга интиладилар. Унинг ортидан эса сарой табиблари ва бир неча хизматкорлар келишмоқда.

Сўнгра Том саройнинг ҳашамдор безалган хосхонасида пайдо бўлди ва ортидан эшик табақалари ёпилганини эшитди. Уни кузатиб келганлар дарров атрофига тизилишди.

Боланинг қаршисида, жудаям яқин масофада гўштдор юзли, нигоҳи қаҳрли, бир уюм хамир каби семиз одам ёнбошлаб ётарди. Одамнинг каттакон бошидаги сочлари мутлақо оппоқ; юзини қолиплаб турган чакка соқоли ҳам оппоқ. Эгнидаги либоси қимматбаҳо матодан тикилган, аммо эскириб, айрим ерлари титилиб ҳам кетибди. Шишиб кетган оёқлари – биттасига дока боғланган – ёстиқ устига ташланган. Хонада сукунат ҳукмрон, Томдан бошқа ҳамма итоат ила бош эгиб турибди. Юзидан заҳар томиб турган бу мажруҳ кимса қаҳрли Генриҳ VIII эди. У сўз бошлаши билан совуқ юзи мулойим қиёфага кириб қолди:

– Бу қанақаси, соҳиб Эдуард, азиз шаҳзодам? Менга бундоқ қайғулик ҳазил қилмоқлик фикри миянгга қаёқдан келиб қолди? Каминага – сени эркалаб суйгувчи меҳрибон қирол отангга-я?!

Том бу нутқнинг ибтидосини ўзининг саросимадаги ҳислари имкон бергани қадар тинглаб турди, лекин “меҳрибон қирол отанг” сўзлари мудроқ онгига етиб боргач, юзи оҳакдай оқариб кетди, бола худди ўқ теккандай тиззалаб қолди ва қўлларини юқори кўтариб нидо қилди:

– Сиз қиролмисиз? У ҳолда менинг паймонам тўлибди!

Ўғилнинг бу сўзлари қиролни гангитиб қўйди, унинг кўзлари ҳар томонга олазарак боқди ва ниҳоят боланинг юзига келиб тўхтади. Ҳафсаласи пир бўлиб, гап бошлади:

– Афсус, мен саройда тарқалган овозаларни шунчаки сафсата деб ўйлагандим. Аммо ростдан ҳам янглишибман, – подшоҳ оғир тин олди ва мулойимлик билан Томга мурожаат этди: – Отангга яқинроқ кел, бўтагинам. Тобинг бўлмаяптими?

Томнинг оёққа туришига ёрдамлашиб юборишди, унинг бутун вужуди қалтираб, Англия қироли аъло ҳазратларига журъатсизгина яқинлашди. Қирол боланинг чаккаларини икки қўли орасига олиб, қўрқув акс этган юзига меҳр ва синчковлик билан тикиларкан, унинг эси жойига қайтганлиги аломатларини умид билан излай бошлади. Кейин боланинг жингалак сочли бошини бағрига босди ва бармоқлари билан сийпалай бошлади.

– Наҳотки падари бузургворингни танимаётган бўлсанг, ўғлоним? – сўради у. – Кекса отангнинг юрагини тилкалама, мени таниётганингни айт! Мени танийсан-ку, шундай эмасми?