banner banner banner
ШАҲЗОДА ВА ГАДО
ШАҲЗОДА ВА ГАДО
Оценить:
 Рейтинг: 0

ШАҲЗОДА ВА ГАДО


– Сиз менинг қаттиққўл ҳукмдоримсиз. Ҳукмдорим, парвардигор сизни ўз паноҳида асрасин!

– Тўғри… Орий рост… маъқул гап… Тинчлан, қалтирама. Бу ерда сени ҳеч ким ҳафа қилмайди, сени ҳаммамиз яхши кўрамиз. Шу топда аҳволинг анча яхши, ёмон туш кўрган бўлсанг, ҳаммаси ортда қолди, шундайми? Сен яна кимлигингни эслай бошладинг – кимлигингни биляпсан-ку, тўғрими? Ҳозиргина менга сен ўзингни бошқа ном билан атаганингни айтишди. Лекин энди сен ўзингни бошқа одам сифатида кўрсатмоқчи эмассан, шундай-а?

– Ўтиниб сўрайман, марҳаматингизни дариғ тутманг, улуғ ҳукмдорим: мен айни ҳақиқатни айтяпман. Мен аҳли раиятингиз орасидаги энг тубаниман, ғирт қашшоқ бўлиб дунёга келганман. Фақат мусибатли, алдамчи тасодифгина мени бу даргоҳга бошлаб келди, ҳолбуки, ўзим ҳеч қандоқ номақбул қилмишни содир этганим йўқ. Ўлимимга ҳали эрта, ҳозирча жуда ёшман. Биргина сўзингиз мен учун нажот бўлади. О, ҳаётбахш каломингизни айтинг, ҳукмдорим!

– Ўлим? Бундай сўзни айта кўрма, азиз шаҳзодам, тинчлан. Саросимадаги юрагингга хотиржамлик қўнсин… сен ўлмайсан.

Том қувончли қичқириқ билан тиз чўкди:

– Илтифотингиз учун сизни тангри ярлақасин, ҳукмдорим, мамлакат фаровонлиги учун умрингизни узоқ қилсин!

Том ирғиб оёққа турди ва юзларида қувонч балқиб, ўзини кузатиб келган мулозимлардан бирига мурожаат этди:

– Эшитдингми? Менга ҳаёт бахш этилди! Буни қиролнинг ўзи айтди!

Атрофдагилар маъюс бир эҳтиром ила бошларини эгишди, лекин ҳеч ким жойидан жилмади ва бирор сўз айтмади. Том озгина ҳижолат тортиб, бир муддат шундоқ турди, кейин подшоҳ томонга ўгирилганича қўрқибгина сўради:

– Энди кетаверсам бўладими?

– Кетсанг? Албатта, агар шуни истасанг. Балки яна бирор муддат шу ерда қоларсан? Агар кетсанг, қаёққа бормоқчисан?

Том кўзларини ерга тикди ва тортинибгина деди:

– Балки мен хато мулоҳазага боргандирман, лекин ўзимни озод деб ўйлагандим ва камина қашшоқликда туғилиб-ўсган, ҳозирда опаларим, онам истиқомат қилаётган хужрага қайтсам дегандим; ўша хужра – менинг уйим; мана бу дабдаба ва ҳашаматларга эса мен ўрганмаганман… Мурувватингиздан бенасиб қилманг, подшоҳим, кетишимга ижозат беринг!

Қирол сукутга чўмди ва бир оз вақт жим қолди. Юрагида кучайиб келаётган изтироб ва ташвиш унинг юзида акс этарди. Лекин у тилга кирганида, овозида заифгина умид оҳанги сезилгандай бўлди:

– Балки унинг тафаккури фақат битта фикрда оқсаётгандир ва бошқа нарсаларда унинг шуури аввалгидай равшанлигини йўқотмагандир? Ё, парвардигор, ишқилиб шундай бўлиб чиқсин-да! Биз буни синаб кўрамиз!

У Томга лотин тилида савол берди, Том амал-тақал қилиб лотинча жавоб қилди. Қирол бундан мамнун эканини яшириб ўтирмади. Аъёнлар ва табиблар ҳам бу жавобдан қониқиш ҳосил қилишди.

– Ўзининг илми ва салоҳияти даражасида, – эътироф этди қирол, – ўғлон бундан яхшироқ жавоб қайтармоққа ҳам қодир эди. Аммо ҳозирги суҳбат шундан далолат берадики, унинг онги жиндайгина хиралашибди холос, аммо лекигин тўлиғича ақлдан озмабди. Бу ҳақда фикрингиз қандай, афандим?

Ушбу сўзлар ўзига қаратилган табиб чуқур таъзим қилди ва жавоб қилди:

– Тахминингиз тўғри, ҳукмдорим, каминанинг фикри ила ҳамоҳанг.

Соҳиби салтанат донишманд ҳакимнинг эътирофидан шодланиб кетди шекилли, буёғига қувноқ овозда давом этди:

– Жуда соз! Шаҳзодани ҳамма кузатиб турсин. Уни синовдан ўтказишни тўхтатмаймиз.

Сўнг Томга ўз саволини француз тилида баён этди. Том ҳамманинг нигоҳи ўзига қаратилганидан ноқулай аҳволга тушиб, бир дақиқа жим турди, сўнг уялибгина деди:

– Эътироф этмоқликка ижозат бергайсиз, тақсир, бу ажнабий тил менга нотаниш.

Қирол яна ўзини ёстиққа ташлаб, ёнбошлаб олди. Бир нечта хизматкорлар унинг хизматига югуришди, лекин уларни қайтарди:

– Мени безовта қилманглар… вужудим озгина бўшашди, шу холос. Мени ўтқазиб қўйинглар-чи. Бўлди, ана шундай. Буёққа кел, бўтам, мияси айниган шўрлик бошингни отангнинг кўксига қўйгин-да, тинчлан! Тез орада соғайиб кетасан; бу вақтинчалик ғалатиликлар ўтиб кетади. Бундан қўрқма! Яқинда соғлом бола бўласан.

Сўнг у қаршисидагиларга ўгирилди ва ҳукмдорнинг мулойим юзида қаҳр намоён бўлди, кўзларида ғазаб учқунлари чақнади.

– Ҳаммангиз эшитиб олинг! – дўқ урди у. – Ўғлимнинг эс-ҳуши жойида эмас. Лекин бу телбалик вақтинчалик ҳол. Бу ҳолат машаққатли дарс машғулотлари ва ёлғизлик туфайли юзага келган. Ҳамма китобларни йўқотинг, муаллимларни ҳайданг! Ўғлимни турли ўйинлар билан чалғитинг, унинг куч-қувватини мустаҳкамлайдиган, саломатлигини тиклайдиган ҳаракатчан ўйинлар билан кўнглини хушланг.

Қирол ёстиғидан янаям баландроқ кўтарилди ва янада каттароқ руҳланиш ила сўзида давом этди:

– Боланинг ақли жойида эмас, аммо у менинг фарзандим ҳамда Англия тахтининг вориси. У соғлом ақл биланми, телбавор онги биланми, барибир ҳукмдорлик қилади! Амримни тингланг ва ҳамма ерда жар солинг: унинг саломатлиги ҳақида сўз очган ҳар бир кимса Британия салтанатининг тинчлигига ва осойишталигига таҳдид қилган ҳисобланади ва дарҳол сиртмоққа тортилади!… Ичишга бирор нима беринг… юрагим куйиб кетяпти… мусибат куч-қувватимни қирқиб ташлаяпти… Ана шундоқ. Мана бу қадаҳни кўз олдимдан йўқотинг… Мени қўлтиқлаб олинг. Ана шундоқ, маъқул. Зоти валадимиз телбами? Агар у минг баттар тентакроқ бўлганида ҳам – барибир Уэлс шаҳзодаси эрур. Камина, инглиз қироли буни оммавий равишда тасдиқлагай. Эндиликда эса барча қадимий анъаналаримизга риоя этилган ҳолда ўғлонимиз валиаҳд шаҳзода сифатида эълон қилингуси. Лорд Гертфорд, ҳозироқ маросимни бошлашингизни амр қиламан.

Аъёнлардан бири қирол тахти қаршисида итоаткорона тиз букди ва маълумот берди:

– Соҳиби салтанат ҳазрати олийларига яхши маълумдурким, Англия бош фармоначи гофмаршали

Тауэр минорасига зиндонбанд этилган. Бинобарин, маҳкум бош фармоначи…

– Жим бўл! Бундоқ жирканч исмни ҳузуримизда талаффуз қилмоқликка журъат эта кўрма. Наҳотки ўша кимса ҳеч қачон ўлим топмаса? Наҳотки у менинг шоҳона истакларим рўёбга чиқмоқлигига умрбод ғов бўлса? Фақатгина Англия гофмаршали давлатга хиёнат қилиб, ўз номига доғ туширгани ва бош фармоначилик лавозимига нолойиқ экани туфайли ўғлимни валиаҳд деб эълон қилмоқликка ҳақсизлиги сабабидан шаҳзода ўзига тегишли бўлган рутбага тасдиқлана олмайдими? Йўқ, буюк қудрат эгаси бўлмиш тангри номи ила қасам ичаман! Парламентимни огоҳлантириб қўй, токи қуёш кўтарилгунига қадар Норфолкка ўлим ҳукмини чиқариб қўйсин. Акс ҳолда парламент қаттиқ жазога мустаҳиқ этилгай.

– Подшоҳ амри – вожиб! – дея қаддини тиклади тиз чўкиб турган лорд Гертфорд ва ўз жойига қайтди.

Аста-секинлик билан қиролнинг юзидаги ғазабнок ифода ҳам йўқола борди.

– Падари бузургворингни ўпиб қўй, шаҳзодам! – деди у. – Ана шундоқ… Нимадан қўрқяпсан? Мен ахир ўз отангман, сени бениҳоя яхши кўраман.

– Сиз менга меҳрибонсиз. Мен эса муруввватингизга номуносибман, қудратли ва марҳаматли ҳукмдор, бу ҳақиқатан ҳам шундай. Аммо… лекигин… кимнингдир ўлимга маҳкум эканлиги мени изтиробга солмоқда, зеро…

– Мана энди ўзингга келдинг, мана энди шаҳзодага ўхшадинг! Ақлу шуурингга нуқсон теккан бўлса-да, қалбинг аслича қолганини кўнглим сезганди; юрагинг доимо меҳрга лиммо-лим эди. Аммо ўша герцог сен билан олий мақом-мартабанг ўртасида турибди. Мен унинг ўрнига бошқа одамни, ўз унвонини хиёнат фасоди билан булғамаган кишини қўймоқликни ихтиёр этдим. Сен ташвишланма, оқкўнгил шаҳзодам, шўрлик бошингни бу ғалвали иш билан банд қилма…

– Унинг ўлими мен туфайли тезлашмоқда-ку, шундай эмасми ҳукмдорим? Агар мен бўлмаганимда у яна қанча вақт умргузаронлик қилган бўларди?

– У ҳақда ўйлама, шаҳзодам! Хоин бунга номуносиб. Мени яна бир марта ўпиб қўйгин-да, ўз эрмакларинг ва кўнгилхушликларингга боравер! Дардим тинкамни қуритди, жуда толиқдим; менга озгина сокинлик керак. Гертфорд тоғанг билан ва ўз мулозимларинг билан боравер. Вужудим бир оз ором олиб, қувватга кирсам, яна ҳузуримга келарсан!

Том шоҳона ётоқдан кўнгил ғашлик билан чиқди, чунки ҳукмдорнинг сўнгги айтган сўзлари унинг юрагида ардоқлаб турган яширин умидларига ўқилган ўлим ҳукмидай бўлиб эшитилди – у ўзини озодликка чиқариб юборишади деган ўй-хаёлдан охиригача кўнгил узолмай турган эди. У яна шивир-шивир овозларни эшита бошлади: “Ана шаҳзода, шаҳзода келяпти!”

Том зарбофтга бурканган, икки қатор терилиб олишиб, ўзига энкайиб таъзим қилиб турган аъёнлар орасидан ичкарилаб боргани сайин баттарроқ тушкунликка тушар, ўзининг бу зодагонлар оламида банди экани, эҳтимол мана шу олтин қафасдан ҳеч қачон қутулиб кета олмаслигини чуқуррроқ англай бошлаганди – бирорта ҳам дилкаш дўсти йўқ бўлган бечора шаҳзода воситасида, парвардигорнинг ўзи марҳаматини дариғ тутмасдан, Томга озодлик неъматини ато этган тақдирдагина у нажот топмоғи мумкин эди.

Болакай қаерга юзини бурмасин, ҳамма ерда ўзига таънали нигоҳини қадаб, қаттиқ тикилиб турган Норфолк герцогининг кесилган боши ҳавода учиб бораётгандай бўлиб туюлаверарди.

Томнинг орзулари кечагина қандай ширин эди-я, ҳақиқий воқелик эса ниҳоятда шафқатсиз ва даҳшатли бўлиб чиқди!

VI БОБ

ТОМ УЧУН ЙЎЛ-ЙЎРИҚЛАР

Томни улкан хонага олиб киришди ва оромкурсига ўтқазишди. Аммо атрофида кекса ва аслзода кишилар тик турганларида, у ўтиргани учун ўзини ноқулай ҳис қилаётганди. Бола уларни ҳам ўтиришга таклиф этди, лекин аъёнлар унга енгилгина таъзим қилган ёки беназир илтифоти учун пичирлаб миннатдорлик изҳор қилганлари ҳолда барибир тик туравердилар. Том ўз илтимосини яна такрорлади, лекин “тоға”си граф Гертфорд унинг қулоғига шивирлади:

– Илтимос қиламан, уларни мажбур этма, соҳибим, сенинг ҳузурингда ўтирмоқлик улар учун ножоиз.

Лорд Сент-Жон келганини маълум қилишди. Томнинг қаршисида эҳтиром ила таъзим қилгач, лорд деди:

– Қирол мени маҳфий топшириқ билан жўнатди. Аъло ҳазратлари соҳиб граф Гертфордни истисно этган ҳолда бу ерда ҳозир бўлганларнинг барчаларининг кетмоқликларига ижозат беришни ихтиёр этмасмиканлар?