banner banner banner
Шерлок Холмс ва доктор Уотсоннинг саргузаштлари
Шерлок Холмс ва доктор Уотсоннинг саргузаштлари
Оценить:
 Рейтинг: 0

Шерлок Холмс ва доктор Уотсоннинг саргузаштлари


– Балли. Агар бу иш маънавий нуқтаи назардан қонуний ҳисобланар экан, дангал қалтис ишга қўл уришдан ўзга чора йўқ. Лекин аёл кишининг ёрдамга муҳтожлигини кўрган ҳақиқий жентльмен қалтис ишдан ҳам қайтмаслиги керак.

– Сиз ноқулай аҳволга тушиб қолишингиз мумкин.

– Шунинг учун ҳам бу қалтис иш-да. Мактубларни қўлга киритишда қўл келадиган бошқа йўлни кўрмаяпман. Шўрлик ледида бунақа кўп пул йўқ, хешлари орасида бўлса, биронта ишончли одам йўқки, бечора қиз унга юрагини ёза олса. Эртага охирги кун, демак, агар бугун кечаси ўша мактубларни қўлга киритмасак, анави аблаҳ эртага сўзининг устидан чиқади-ю, ледини жувонмарг қилади. Шунинг учун мен ё тақдирга тан бериб қўл қовуштириб ўтиришим керак, ё бўлмаса шу охирги чорани қўллашим лозим. Очиғи, Уотсон, буни мен билан Милвертон ўртасидаги махсус олишув деса ҳам бўлади. Бу олишувнинг муқаддимасида, ўзингиз кўрдингиз, унинг қўли баланд келди, бас, шундай экан, пок номим ва қадру қийматим мени жангни давом эттиришга даъват этади.

– Бу иш менга ёқмаяпти, лекин шундай қилишимиз шартга ўхшайди, – дедим. – Қачон жўнаймиз.

– Бу гал сиз мен билан бормайсиз.

– Унда сиз ҳам бормайсиз, – деб эътироз билдирдим. – Онт ичиб айтаманки (биласиз, умримда ҳеч қачон сўзимнинг устидан чиқмай қолмаганман), агар бирга бормасам, ҳозироқ кўчага чиқиб кэб ёллайман-да, полиция маҳкамасига бориб сизни чақиб бераман.

– Сиз менга бу ишда ёрдам бера олмайсиз.

– Қаёқдан биласиз? Нима бўлиши маълум эмас. У ерда не ҳол юз бермасин, қарорим қатъий. Ўз қадрини ҳис этадиган, номини пок сақлашга уринадиган одам фақат сиз эмассиз.

Холмс аввалига ранжигандай бўлиб кўринганди, лекин энди, шу гапимдан кейин юзи ёришиб, елкамга қўлини ташлади.

– Майли, азиз дўстим, сизнингча бўла қолсин. Биз жуда кўп йил ҳамхона бўлиб яшадик, эндиликда шу анъанамиздан юз ўгиришимиз яхши эмас. Агар омадимиз юришмаса, битта камерани баҳам кўрармиз. Очиғини айтсам, Уотсон, мендан ажойиб жиноятчи чиққан бўларди деб ўйлардим ҳамиша. Мана, ниҳоят, бунинг учун зўр имконият туғилди!

Холмс стол ғаладонидан пишиқ бир чарм ғилоф олиб, уни очди-да, ичига терилган бир неча ялтироқ асбобни кўрсатди.

– Бу ўғриларнинг сўнгги пайтда кашф этилган энг олий нав асбоблари; бу ерда никелланган жажжи мисранг[9 - Мисранг – лом.], ойна кесиш учун олмос, очқичлар-у, ривож топаётган дунёвий маданият талабига жавоб берувчи энг янги мосламалар бор. Мана яна хуфия чироқ. Ҳаммаси жобажо. Сизда таги юмшоқ ботинка борми?

– Ҳа, бор. Теннис ўйнашга мосланган таги резинка ботинкам бор.

– Жуда соз. Ниқоб-чи?

– Қора шойидан ясаб олишим мумкин.

– Назаримда, бунақа ишга сизда туғма мойиллик мавжуд. Жуда яхши; ниқобни ясанг. Жўнаш олдидан енгилроқ тамадди қилиб оламиз. Ҳозир соат саккиз ярим. Соат ўн бирда Черчроуга етиб олишимиз керак. У ердан Аплдор Тауэрсга чорак соатда пиёда юриб борса бўлади. Ишни тун ярим бўлмасданоқ бошлаймиз. Милвертон ҳар доим соат ўн яримда ухлагани ётаркан, уйқуси жуда ҳам қаттиқмиш. Агар бизга омад ёр бўлса, чўнтагимизда леди Еванинг мактублари билан тунги соат иккида уйга қайтиб келамиз.

Биз театрдан қайтаётган одамларга ўхшаш учун эгнимизга фрак кийдик. Оксфорд-стритга чиқиб кэб ёлладик ва шу кэбда Хемстедгача бордик. Сўнг извошчига кира ҳақини тўлаб кун жуда ҳам совуқ бўлгани ва кишининг суяк-суягигача қақшатувчи шиддатли шамол эсаётгани сабабли, пальтоларимизнинг ёқасини кўтариб, энг юқори тугмаларигача қадаб олдик-да, Хис дарёси ёқалаб юриб кетдик.

– Бу ниҳоятда қалтис иш, – деди Холмс. – Ҳужжатлар Милвертоннинг кабинетида, темир сандиққа солиб қулфлаб қўйилган. Хобхонаси эса шундоққина кабинетга туташган. Лекин соғлиғидан шикоят қилмайдиган ҳамма бақалоқ одамлар сингари Милвертон ҳам қаттиқ ухлар экан. Агатанинг айтишича (қаллиғимнинг исми шундай), хўжайинини замбарак отиб ҳам уйғотиб бўлмас эмиш. Милвертоннинг жуда садоқатли бир котиби бор. Кундуз кунлари у кабинетдан ҳеч қаёққа чиқмайди: мана шунинг учун ҳам биз кечаси келяпмиз. Бутун уйни бир қопағон ит қўриқлайди, тунда уни ечиб юборишади. Лекин мен кейинги пайтда Агата билан учрашгани икки марта кечаси қоронғида бордим, шунинг учун у итни ҳужрага киритиб, устидан қулфлаб қўядиган бўлди. Ана ўша уй. Ҳув ана, боғ этагида қад кўтариб турипти. Юринг, дарвозадан кирамиз, энди дафна буталари орасидаги йўлкадан ўнгга юрамиз. Менимча, ниқобларни тақадиган пайт келди. Кўряпсизми, биронта ҳам деразада чироқ йўқ. Ишимиз ҳозирча яхши кетяпти.

Биз кўзимизга ниқобларни тақиб, ҳақиқий қароқчиларга айландик ва сукутга чўмган, зулмат босган улкан уй олдига оёқ учида юриб бордик. Уйнинг бир томони усти ёпиқ узун равон билан тўсилган бўлиб, унинг бир нечта деразаси, ичкарида эса иккита эшиги бор эди.

– Ана унинг хобхонаси, – деб пичирлади Холмс. – Ёнидаги эшикдан кабинетга кирилади. Лекин, афсуски, у ҳам ичидан сурма зулфин билан беркитилган, ҳам қулфланган. Демак, бу эшикни товуш чиқармай очиб бўлмайди. Яхшиси, юринг, уйнинг орқа томонига ўтиб кўрамиз. У ёқда ойнаванд гулхона бор, ўша ердан меҳмонхонага кириш мумкин.

Гулхонанинг эшиги ҳам қулфлоғ эди. Лекин Холмс эшик ойнасини олмос билан кесди ва қўлини тиқиб, ичкаридан калитни буради. Сўнг, ичкарига кирган заҳотимиз яна эшикни қулфлади-ю, шу дақиқадан бошлаб биз қонун олдида жиноятчига айландик-қолдик. Бизни қишки боғнинг иссиқ ва нам ҳавоси қамраб олди, димоғимизга антиқа ўсимликларнинг кишини сармаст этувчи ўткир ҳиди кирди. Холмс қоронғуда қўлимдан ушлаб, жадал юрганча, мени гул буталари ёнидан олиб ўта бошлади; ҳар қадамда навдалар юзимизга уриларди. Дўстим қоронғуда кўра оладиган ажойиб хислатга эга эди. У қўлимни қўйиб юбормай бир эшикни очди, шунда мен катта бир хонага кирганимизни ҳис қилдим; бу ерда яқин орада сигара чекишган эди. Холмс мебелларга урилиб кетмаслик учун жуда эҳтиёткорлик билан ҳаракат қилар эди. Кейин у яна бир эшикни очди, ичкарига кирган заҳотимиз дўстим уни ҳам қулфлади. Мен қўл узатган эдим, қўлим деворга осилган бир нечта пальтога тегди, шунда йўлакка чиққанимизни тушундим. Биз яна бир оз юрдик, кейин Холмс ўнг томондаги эшикни ниҳоятда эҳтиётлик билан очди. Бир нима устимизга «тап» этиб сакради, қўрққанимдан юрагим «шув» этиб кетди. Билсам, бу мушук экан, шунда қўрқоқлигимдан кулиб юборишимга сал қолди. Хонада, каминда олов ёниб турар, бу ерни ҳам тамаки ҳиди босганди. Холмс хонага оёқ учида юриб кирди, кейин мени киритди-да, ниҳоятда эҳтиётлик билан эшикни ёпди. Биз Милвертоннинг кабинетига кирган эдик. Унинг хобхонасига очиладиган эшик биз кирган эшикнинг қарама-қарши томонида, қалин парда орқасида эди.

Каминда ланғиллаб ёнаётган олов хонани ёритиб турарди. Эшик яқинида деворда электр тугмаси бор эди, лекин ҳеч қандай хавф бўлмаган тақдирда ҳам, чироқ ёқишга эҳтиёж йўқ эди. Каминнинг бир ёнига осилган қалин вазмин парда ташқарига туртиб чиққан камгак ердаги деразани тўсиб турарди. Каминнинг иккинчи ёнида эса ровонга чиқадиган эшик бор эди. Хонанинг қоқ ўртасида ёзув столи, стол ёнига қип-қизил чарм қопланган айланувчи курси қўйилган. Стол қаршисида катта китоб шкафи бўлиб, унинг устида Афина[10 - Афина – Қадимги юнон мифологиясида олий худо Зевснинг қизи, жанговар маъбуда.] нинг мармар бюсти турарди. Китоб шкафи билан девор оралиғидаги бурчакда яшил рангли каттакон темир сандиқнинг ярақлатиб тозаланган мис бандида каминдаги олов мавжланарди. Холмс шу темир сандиқ олдига оҳиста юриб борди ва уни синчиклаб кўздан кечирди. Кейин хобхона эшигига оёқ учида бориб, қулоғини эшик тирқишига тутди. Ичкари сув қуйгандек жимжит эди. Бу аснода миямга, ҳар эҳтимолга қарши ташқарига чиқадиган эшик орқали чекиниш тараддудини кўриб қўйиш керак, деган фикр келди-ю, шу эшикни кўздан кечирдим. Таажжубки, эшик на қулфланган, на илгакланган эди. Мен қўлимни Холмснинг қўлига теккиздим, у ниқоб таққан юзини эшик томонга бурди. У ҳам таажжубда эди.

– Бу менга ёқмаяпти, – деб пичирлади у қулоғимга. – Ҳайронман, нега очиқ қолдирдийкин. Нима бўлганда ҳам фурсатни қўлдан бой бермаслигимиз керак.

– Сизга ёрдам беришим мумкинми?

– Ҳа, эшик олдига бориб туринг. Агар бирон кишининг шарпасини эшитсангиз дарҳол эшик зулфинини суринг, биз ўзимиз келган йўлдан чиқиб кетамиз. Агар бу ерга қишки боғ томондан киришса-ю, биз ишни тугатган бўлсак, унда манави эшик орқали чиқиб кетамиз. Мабодо ҳужжатларни олишга улгурмасак, унда дераза пардаси орқасига яширинамиз. Тушундингизми?

Мен бош ирғаб, эшик олдига бориб турдим. Юрагимга ғулғула солган бояги қўрқув туйғуси ўтиб кетган ва энди вужудимни шундай ўткир завқ қамраб олган эдики, бундай ҳузурни қонунни ҳимоя қилган пайтларимизда қонунга қарши иш кўраётган ҳозирги пайтдагидек ҳис қилмаган эдим. Олий мақсадни кўзлаган, бизни бу ишга даъват этган нарса худбинлик эмас, балки одамохунлик истаги эканлигини идрок этиш, ғанимимизнинг мурдорлигидан нафратланиш – мана шу ҳиссиётларнинг ҳаммаси бир ғайратимизга ўн ғайрат қўшарди. Мен ўзимни айбдор ҳисобламасдим, балки, аксинча, бундай хатарли ишга қўл урганимиздан қувонардим, ҳаяжонланардим. Мен Холмснинг хатти-ҳаракатини завқ билан кузатардим. У чарм жилдни очиб, худди ўта мураккаб операцияга тайёрланаётган жарроҳ сингари, керакли асбобларни бамайлихотирлик билан бир-бир танлаб ола бошлади. Темир сандиқларни очишда ҳеч ким Холмснинг олдига туша олмаслигини яхши билардим, шунинг учун, кўп дилбар хонимларнинг қисматини ўз комида сақлаб турган бу аждар, олтин суви юритилган бу яшил махлуқ билан юзмаюз тўқнашганидан унинг кўнгли чоғ бўлиб кетганини фаҳмлаётган эдим. Холмс пальтосини ечиб стулга қўйди, камзулининг енгини шимариб, қўлига иккита парма, кичкина мисранг ва бир нечта очқич олди. Мен ровонга чиқадиган эшик олдида ҳар қандай ҳодисага шай бўлиб, бошқа эшиклардан кўз узмай турардим; ваҳоланки, сирасини айтганда, кимдир бизга халақит қилгудек бўлса, қандай чора кўришни билмас эдим. Холмс бир асбобни қўйиб, иккинчисини оларкан, уларни мутахассис-механик сингари зўр куч ва маҳорат билан ишлатиб, ярим соатча қатъий ҳаракат қилди. Ниҳоят, «шиқ» этган товуш эшитилди-ю, темир сандиқнинг кенг яшил эшиги очилди, шунда кўзим сандиқ ичига тахланган бир неча пакетга тушди: улар даста-даста қилиб боғланган, муҳрланган бўлиб, устига нималардир ёзилган эди. Холмс шу пакетлардан бирини қўлига олди, аммо каминдаги оловнинг милтираган ёруғида ўқиш маҳол бўлгани учун, ёнидан жажжигина хуфия чироқни чиқарди, чунки Милвертоннинг хобхонаси яқинида электр чироғини ёқиш хавфли эди. Лекин шу пайт Холмс бирдан бошини кўтарди ва ташқарига диққат билан қулоқ сола бошлади. Кейин шоша-пиша темир сандиқнинг эшигини итариб ёпди, пальтосини қўлига олди, асбобларни чўнтагига солди-да, менга, орқамдан юринг, дегандек ишора қилиб, ўзини дераза пардаси орқасига олди.

Мен Холмсга яқин борганимдан кейингина унинг нимадан хавфсираганини тушундим. Катта хонадоннинг қаеридадир эшик «қарс» этиб ёпилди. Бир меъёрда гурс-гурс қадам ташлаб биз томонга тез яқинлашиб келаётган оёқ товуши аниқ эшитилди. Товуш кабинет эшиги тагига келиб тинди. Эшик очилди. Электр чироқ тугмаси «шиқ» этди. Эшик ёпилди, шунда димоғимизга ўткир сигаранинг аччиқ тутуни урилди. Сўнг оёқ товуши биздан бир неча ярд[11 - Ярд – Англияда 91,44 см.га тенг узунлик.] масофадан эшитила бошлади, кимдир хона ичида у ёқдан-бу ёққа юрар эди. Ахир оёқ товуши тиниб, стул ғижирлади, шунда қулоғимга қоғоз шитирлагани эшитилди.

Шу пайтгача парда орасидан мўралаб қарашга журъат эта олмаган эдим, лекин энди пардани оҳиста суриб, торгина тирқишидан хонага қарадим. Холмс пинжимга кириб кетди, демак, у ҳам кузатаётган эди. Биз шундоққина рўпарамизда, қўл чўзса етадиган масофада Милвертоннинг кенг ва дўнг елкасини кўрдик. Бу одамнинг турмуш тарзи ҳақидаги тахминларимиз мутлақо хато эканлиги бизга аниқ бўлди. У ётоқхонага ҳатто кирмаган ҳам, балки ҳовлининг этагидаги деразаси кўзимизга ташланмаган чекка уйда бирон чекиш хонасида ёки биллиардхонада ўтирган бўлиши керак. Унинг сочига оқ оралай бошлаган, тепакал, ялтироқ каттакон боши шундоққина кўз олдимизда турарди. У қизил чарм қопланган креслога суяниб, оёқларини узатиб ўтирарди, оғзидаги узун қора сигара юқорига тиккайган эди. Эгнига қора духоба ёқали қирмизранг калта камзул кийганди. У оғзидан ҳалқа-ҳалқа тутун чиқарар экан, қўлидаги узун бир ҳужжатни эринчоқлик билан ўқирди. Унинг жуда бемалол жойлашиб ўтириши ва ўзини хотиржам тутиши, ҳали-бери кабинетни тарк этмаслигидан далолат берарди.

Шу пайт Холмснинг қўли қўлимга тегди ва таскин маъносида сиқиб қўйди. Бу ҳаракати билан у гўё, шундай бўлишини билган эдим, хотирингиз жам бўлсин, демоқчидай эди. Лекин у мен кўриб турган нарсани, яъни темир сандиқнинг эшикчаси зич ёпилмаганини кўрган-кўрмаганини билмасдим, ахир Милвертон буни ҳар дақиқада пайқаб қолиши мумкин эди-ку. Мен ўзимча шундай қарорга келиб қўйдим: мабодо у темир сандиқнинг очилганини сезиб қолса, дарҳол пистирмамдан отилиб чиқаман-у, пальтомни Милвертоннинг бошига ёпиб, қўлини боғлайман, у ёғини Холмснинг ўзи тинчитади. Лекин Милвертон бир марта ҳам темир сандиқ томонга қарамади. У қўлидаги бир даста қоғозни саҳифама-саҳифа ҳеч шошмасдан ўқиб ўтирарди. Мен унинг ҳужжатларни ўқиб тугатиб, сигарасини чекиб бўлгач, ётоқхонасига кириб кетади деб умид қилган эдим, бироқ у ўқишни ҳам, чекишни ҳам тугатмасидан мутлақо биз кутмаган воқеа содир бўлди.

Мен Милвертоннинг бир неча марта соатга қараб-қараб қўйганини, бир марта эса бетоқат бўлиб ўрнидан туриб, яна ўтирганини кузатдим. Аммо шундай бемаҳалда унинг ким биландир учрашиши мутлақо хаёлимга келмаган эди. Шу чоғ бирдан ровон томондан аллакимнинг оёқ товуши элас-элас эшитилди. Милвертон қоғозларни столга ташлаб, ўтирган жойида оёқларини узатди. Салдан кейин кимдир эшикни оҳиста тақиллатди. Милвертон туриб бориб уни очди.

– Сиз ярим соат кечикиб келдингиз, – деди у жаҳл билан.

Э, ҳа, эшикни очиқ қолдирганига, Милвертоннинг ярим тунгача бедор ўтирганига сабаб бу экан-да! Қулоғимизга аёл кўйлагининг оҳиста елпингани эшитилди. Милвертоннинг юзи энди биз томонга ўгирилган эди, шунинг учун пардани суриб, тирқишини беркитган эдим, аммо синчковлигим устун чиқиб, яна парда оралиғини хиёлгина очдим. Милвертон энди креслода ўтирар, оғзидаги сигара ҳамон такаббурона тиккайиб турарди. Электр чироғи билан ёритилган хона ўртасида эгнидаги плашининг қора қайтарма қалпоғи боғичини энгагидан боғлаб олган, юзини рўйпўш тўр билан тўсган қадди-қомати келишган норғул бир аёл турарди. У ҳансираб нафас олар, нозик жуссаси қаттиқ ҳаяжондан дағ-дағ титрарди.

– Сиз мени тунги оромимдан маҳрум қилдингиз, тасаддуқ, – деди Милвертон. – Шу хизматим эвазига мени хушнуд этсангиз керак деган умиддаман. Барвақтроқ келишнинг иложи бўлмадими?

Аёл «йўқ» дегандек бош чайқади.

– Ҳай, бўлмаган бўлса, бўлмабди-да. Гапингизга қараганда, графиня сизга қўпол муомала қиладиган бўлиб қолган-у, ҳозир сиз ундан қасд олиш имконига эгасиз, шундайми? Ие, нима бўлди сизга, яхши қиз? Нега бунча қалтираяпсиз? Мана сув, ичинг. Енгил тортасиз! Энди ишга киришайлик. – У стол ғаладонидан бир хат олди. – Қўлингизда графиня Д’ Альбернинг обрўсини тўкиши мумкин бўлган бешта мактуб борлиги ҳақида ёзибсиз. Сиз шу мактубларни сотиш ниятидасиз, мен уларни харид қилмоқчиман. Яхши. Энди уларга нарх белгилашимиз керак. Бунинг учун мен албатта у мактубларни кўздан кечиришим керак: кўрайлик-чи, чиндан ҳам сотиб олишга арзийдими-йўқми… Ё қудратингдан, наҳотки бу сиз?

Аёл бир оғиз ҳам гапирмай, юзини тўсиб турган тўрни кўтарди, қайтарма қалпоқни бошидан ечди. Бу ниҳоятда дилбар, қорасоч аёл бўлиб, юзи хушбичим эди; бурни бежирим, қуюқ қошлари остида қора, нафрат тўла кўзлари порлаб турар, нозик лаблари истеҳзоли жилмаяр эди.

– Ҳа, менман, – деб жавоб қилди аёл. – Сиз жувонмарг қилган ўша бахтиқаро бўламан.

Милвертон кулиб юборди, лекин унинг кулгисида қўрқув сезилиб турарди.

– Ўзингиз ҳам ўжарлик қилувдингиз-да, – деди у. – Бунчалик оёқ тираб олишнинг нима ҳожати бор эди? Гапимга ишонинг, мен ўз хоҳишим билан пашшага ҳам озор бермаганман. Аммо ҳар бир одам ўз билганича кун кечиради. Хўш, мен нима қилишим мумкин эди? Ахир сизнинг имкониятингиздан келиб чиқиб нарх қўйган эдим. Аммо сиз уни тўлашни истамадингиз.

– Шундан кейин сиз мактубларимни эримга юбордингиз; бу билан сиз энг олижаноб бир инсоннинг дилини вайрон қилдингиз. Мен у инсоннинг ҳатто ботинкасининг ипини боғлашга ҳам номуносиб ҳисоблардим ўзимни. Натижада, у ўлди. Мана шу ерда, шу хонада кечаси, менга раҳм қилинг, деб ялиниб-ёлборганларим эсингиздами? Ўшанда сиз юзимга бақрайиб туриб хахолаб кулган эдингиз! Ҳозир ҳам кулмоқчи бўляпсиз, лекин лабларингиз титраяпти. Аблаҳ! Қўрқоқ махлуқ! Мени бошқа кўришни ўйламаган бўлсангиз керак? Лекин мен айнан ўша кечаси қандай қилиб ҳузурингизга киришни ва сизни ёлғиз учратиш мумкинлигини билиб олган эдим. Хўш, Чарльз Милвертон, менга айтадиган яна қандай гапингиз бор?

– Қўрқитдим деб ўйламай қўя қолинг, – деб жавоб қилди Милвертон ўрнидан тураркан. – Агар товуш чиқарсам, шу заҳоти хизматчиларим кириб келиб сизни қўлга олишади. Лекин мен раҳм қиламан, зеро, нега бунчалик дарғазаб эканлигингизни тушунаман. Яхшиликча чиқиб кетинг бу ердан. Шу билан мусоҳабага барҳам берайлик.

Лекин аёл ҳамон қўлларини плаши ичига яшириб, заҳарханда жилмайганча жойидан жилмай турарди.

– Сиз мени жувонмарг қилган эдингиз, аммо энди бошқа ҳеч кимнинг умрига зомин бўла олмайсиз. Сиз менинг дилимни вайрон қилган эдингиз, энди ҳеч бир кимсанинг қалбини эза олмайсиз. Мен башариятни сиздек заҳарли илондан халос этаман. Мана, ол тегишингни, кўппак!

Аёлнинг қўлида жажжигина пистолет ялт этди. Устма-уст битта, иккита, учта ўқ узилди… Пистолетнинг оғзи Милвертоннинг кўксидан ярим метр масофада эди. У гандираклаб столга юзтубан йиқилди, йўтали тутиб қоғозларни чангаллади. Кейин каловланиб ўрнидан турди-да, стол ортидан чиқди. Олтинчи ўқ гумбирлади-ю, у ерга «гурс» этиб қулади.

– Мени едингиз, – деб пичирлай олди, холос. Аёл мурдага тикилиб турди-да, пошнаси билан унинг юзига бир тепди. Кейин яна тикилди – Милвертон инграмади ҳам, қимирламади ҳам. Аёл жойидан қўзғалгани эшитилди, дим хонага тунги салқин ҳаво эсиб кирди-ю, қасоскор хоним ғойиб бўлди. Биз бу фалокатга йўл қўймаслик учун минг уринганимизда ҳам у одамни ўз қисматидан қутқариб қололмаган бўлардик; лекин шунга қарамай, агар аёл гандираклаётган Милвертонга кетма-кет ўқ узаётган пайтда Холмс қўлимдан маҳкам ушлаб қолмаганида борми, албатта ёрдамга отилиб чиққан бўлардим. Мен дўстимнинг қай маънода қўлимни маҳкам сиққанига тушундим. Бу билан Холмс, буни бизга дахли йўқ, ниҳоят одил суд бу разолат бандаси устидан чиқарган ҳукмини ижро этди, бизнинг ўз бурчимиз, ўз мақсадимиз бор, шуни унутмаслигимиз керак, демоқчи бўлган эди. Аёл ғойиб бўлган ҳамоно Холмс ички эшик олдига шипиллаб бориб калитни бураб, уни қулфлади. Айни шу пайт уйнинг ҳар томонидан шовқин-сурон ва югурган оёқ товушлари эшитила бошлади. Ўқ овози бутун хонадонни оёққа турғизган эди. Холмс ҳеч ҳовлиқмасдан темир сандиқ олдига борди, у ердаги даста-даста мактубларни иккала қўли билан сидириб олиб, оловга ташлади, кейин яна ва яна олиб ташлайверди, хуллас, сандиқни шипшийдам қилди. Шу пайт кимдир эшик бандини босди, сўнг уни тапиллата бошлади. Холмс атрофга тез кўз югуртириб чиқди. Милвертоннинг столида ўлим даракчиси – қонга бўялган мактуб ётарди. Холмс уни ҳам каминга ташлади. Кейин у сиртқи эшикнинг калитини олиб, мени эшикдан чиқарди, сўнг ўзи ҳам чиқиб эшикни қулфлади.

– Бу ёққа, Уотсон, – деди у, – боғ деворидан ошишимизга тўғри келади.

Бутун уйни ваҳима шунчалик тез қамраб олишини тасаввур қилмаган эдим. Орқамга ўгирилиб, уйдаги ҳамма деразаларнинг чироқдан ёруғлигини кўрдим. Уйнинг асосий эшиги ланг очилган, хиёбонда кимлардир югуриб юрарди. Боғ ғиж-ғиж одам эди. Аллаким бизнинг ровондан отилиб чиққанимизни кўриб қолди, қичқирганча орқамиздан қува бошлади. Холмс боғдаги ҳар бир йўлакни пухта ўрганган эди, шунинг учун, дарахтлар ва буталар орасидан дадил олға югуриб борар эди. Мен ундан бир қадам ҳам орқада қолмасликка уринардим. Орқамдан изма-из биров қувиб келаётган эди – мен унинг ҳансираб нафас олишини эшитдим. Йўлимизга олти фут[12 - Фут – 30,48 см.га тенг узунлик ўлчови.] баландликдаги девор ғов бўлди. Холмс бир сакрашда ундан ошиб тушди. Мен ҳам сакрадим, лекин девор бошига қўлларим билан маҳкам ёпишганимни биламан, шу пайт, кимдир оёғимдан торта бошлади. Мен оёғимни бир силтаб тортиб олиб, деворнинг синиқ шишалар билан ихота қилинган бошига бир амаллаб чиқиб олдим, сўнг деворнинг нариги ёғига юз тубан йиқилдим. Холмс бир зумда мени оёққа турғизди, шундан сўнг поёни йўқ Хемстед майдонидан югуриб кетдик. Шу югуришда биз тахминан икки миляча[13 - Миля – 7420 метр.] йўл босдик, шундан кейингина Холмс тўхтаб қулоқ солди.

Атроф худди сув қуйгандек жимжит эди. Демак, таъқибдан қутулибмиз.

Эртаси куни эрталаб биз нонушта қилиб бўлиб, трубка чекиб ўтирган эдик, ғарибона меҳмонхонамизга Скотленд-Ярд инспектори Лестрейд кириб келди. Унинг кўриниши виқорли ва маънодор эди.

– Яхши ётиб турдингизми, мистер Холмс, – деди у, – хайрли эрта. Марҳамат қилиб айтинг-чи, ҳозир жуда ҳам бандмисиз?